12:03 | 22.01.23 31

Боғчаларда узайтирилган таътил кунлари учун тўлов ундирилмайди

Мактабгача таълим вазирлиги аномал совуқ сабаб Ўзбекистондаги мактабгача таълим ташкилотларида эълон қилинган навбатдан ташқари таътил кунларида тўловлар қай тартибда амалга оширилиши ҳақида хабар берди

Ўзбекистон ҳудудига Волгабўйи ҳудудларидан Россия Европа қисми шимолий ҳудудларида шаклланган совуқ ҳаво массаси кириб келиши натижасида айрим ҳудудларда ҳаво ҳарорати 27 даражагача совиб кетиши ҳақида хабар берилганди. Натижада Ўзбекистондаги барча таълим муассасаларида қишки таътил муддати узайтирилди ҳамда Республикадаги боғчаларда навбатдан ташқари таътил эълон қилинди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги навбатдан ташқари таътил кунларида мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари учун ҳақ тўланмаслигини маълум қилди.

Шунингдек, вазирлик боғчаларда узайтирилган қишки таътил кунлари учун тўлов ундирилмаслигини маълум қилди.

Маълум қилинишича, аномал совуқ сабабли Ўзбекистондаги боғчаларда навбатдан ташқари таътил эълон қилингунга қадар тўловлар тўланган бўлса, унда кейинги тўловларни амалга ошириш жараёнида таътил кунлари учун тўланган бадал суммаси ҳисобга олинади.

Бунда боланинг келмаган кунлари сони бир кунлик тўлов миқдорига кўпайтирилиб, кейинги ойнинг тўлов суммасидан айрилиб ташланади. Шунингдек, келмаган кунлар учун тўлов ҳали амалга оширилмаган бўлса, тўланиши лозим бўлган жорий тўлов миқдори бола келмаган кунлари ҳисобидан камайтирилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда аномал совуқ сабаб ходимларнинг онлайн ишлашига рухсат бериш таклиф қилингани, коллеж ва техникумлар учун тўлов-контракт миқдори ўзгаришсиз қолгани, Ўзбекистонда контракт тўлаш муддати узайтирилгани, таълим муассаларида аномал совуқ сабаб қишки таътил муддати узайтирилгани ҳамда боғчаларда навбатдан ташқари таътил эълон қилингани ҳақида хабар берилганди.