Ички ишлар органлари халқ касбий тузилмасига айлантирилади
Шавкат Мирзиёев «Ички ишлар органларини халқ касбий тузилмасига айлантириш ва уларнинг фаолиятини аҳоли билан янада яқинроқ ҳамкорлик қилишга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади.
Ҳужжатда қайд этилишича, «2022-2026 йилларда Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси»га мувофиқ, ички ишлар органларини аҳолининг ишончли ҳимоячиси сифатидаги касбий халқ тузилмасига айлантириш ва қонун устуворлиги, тинчлик ва осойишталикни янада мустаҳкамлаш кўзда тутилган.
Шунингдек, ҳужжат билан «Ички ишлар органлари ходимларининг касб маданияти ва хизмат интизоми тўғрисида»ги кодекси тасдиқланди. Бундан ташқари, Ички ишлар вазирлигининг Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш бошқармаси тўғрисидаги низом ҳам тасдиқланди.
Унга кўра, Ички ишлар вазирлигида Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш бошқармаси ташкил этилиб, у ички ишлар бошқармасига хизматга номзодларни танлаш, тизимининг шаффофлигини таъминлаш, шахсий таркиб билан ишлаш, маънавий-маърифий ишлар тизимини рақамлаштириш билан шуғулланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда ички ишлар органларига яна бир ваколат берилгани, Ички ишлар вазирлиги ходими ўлдириб кетилгани, Ўзбекистонда ЙТҲларни ички ишлар органлари ходимисиз расмийлаштириш тартиби маълум қилингани ҳамда Ички ишлар органларигинг барча шахсий таркиби кучайтирилган хизматга ўтказилгани ҳақида хабар берилганди.