13:41 | 22.01.23 460

Ўзбекистонда «Тўмарис издошлари» гуруҳлари ташкил этилади

Ҳукумат қарори билан республика бўйлаб ёши 18 дан кичик ва 30 дан катта бўлмаган хотин-қизлардан иборат «Тўмарис издошлари» жамоавий гуруҳлари ташкил этилади. Ушбу гуруҳ аъзоларига махсус тавсиянома асосида ўқишга кириш ҳуқуқи берилади

«Ички ишлар органларининг хотин-қизлар масалалари бўйича бўлинмалари ҳузуридаги ‘Тўмарис издошлари’ жамоавий гуруҳлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Telegram’даги «Huquqiy axborot» канали хабар берди.

Унга кўра, 2023 йил 1 июндан ёши 18 дан кичик ва 30 дан катта бўлмаган, умумий ўрта ёки ўрта махсус маълумотли, бириктирилган ҳудудда доимий яшовчи ҳамда мулоқотга киришувчан ва ташкилотчилик қобилиятига эга хотин-қизларни кўнгилли асосда жалб қилиш орқали «Тўмарис издошлари» жамоавий гуруҳлар фаолияти ташкил этилади.

Мазкур гуруҳларнинг асосий вазифалари ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида ўқиётган қизларнинг хулқ-атворига салбий таъсир кўрсатаётган ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари бузилиши билан боғлиқ масалаларни аниқлашда кўмаклашиш ҳисобланади.

Гуруҳлар республиканинг барча туман (шаҳар)ларида 2 нафардан (криминоген вазият оғир бўлган туман ҳудудларда 3 нафардан) ички ишлар органлари хотин-қизлар масалалари бўйича бўлинмалари ҳузурида шакллантирилади. Маълум қилинишича, гуруҳ аъзолари 1 йил давомида ўқиш ва иш жараёнига салбий таъсир этмаган ҳолда умумий 360 соат вақт мобайнида фаолият олиб боради.

Шунингдек, хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасига ва хотин- қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга муносиб ҳисса қўшган «Тўмарис издошлари» жамоавий гуруҳлари аъзоларига Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғининг тавсияномасига асосан ҳуқуқ-тартибот органларининг ОТМга саралашнинг барча босқичларидан муваффақиятли ўтганидан сўнг якка тартибдаги суҳбатсиз (тест синовларисиз) квота асосида ўқишга кириш ҳуқуқи берилади.

Бундан ташқари, тавсиянома берилган номзодлар сони белгиланган квотадан кўп бўлган тақдирда, уларни ўқишга қабул қилиш танлов натижалари бўйича тўпланган баллардан келиб чиқиб, ажратилган қабул квоталари доирасида кетма-кетлик тартибида тақсимланган ҳолда амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда «Оқила аёллар» ҳаракати ташкил этилгани, «Оқила аёллар» ҳаракатининг асосий вазифалари маълум бўлгани, Ўзбекистоннинг ҳар бир туманида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш марказлари ташкил этилиши, Президентнинг хотин-қизлар бандлигини ошириш ва саломатлигини мустаҳкамлашга оид қарори қабул қилингани ҳамда Ўзбекистондаги давлат органлари ва ташкилотларида гендерга оид аудит ўтказилиши ҳақида хабар берилганди.