Россияда ўзбекистонлик ишчи 13 метр баландликдан қулаб вафот этди
Скотч ишлаб чиқарувчи корхона ишчиси ҳисобланган 44 ёшли Ўзбекистон фуқароси қурилиш майдончасида том ёпиш ишлари билан шуғулланган
Россиянинг Мали Карлино қишлоғидаги корхонада ўзбекистонлик ишчи вафот этди. Бу ҳақда «ЛенТВ24» хабар берди.
Қайд этилишича, Ломоносовский туманидаги навбатчилик бўлимига Малое Карлино қишлоғида 44 ёшли эркакнинг катта баландликдан қулагани ҳақида хабар келиб тушган.
Манбага кўра, етиб келган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари 44 ёшли Ўзбекистон фуқаросининг жасадини топиб олган. У ёпишқоқ лента заводида ишчи эди. Йиқилиш вақтида марҳум 13 метр баландликда том ёпиш ишларини бажараётган эди.
Ҳозирда ҳодиса сабаблари ва шароитлари ўрганилмоқда. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўзбекистонлик ишчи ишлатган хавфсизлик камарини олиб қўйишди.
Аввалроқ Қозоғистондаги олтин шахтасидан ўзбекистонлик эркакнинг жасади топилгани, Россияда ўзбекистонлик мигрантлар ноқонуний курьерлик ортидан қамалаётгани айтилгани ҳамда Россияда ўзбекистонлик эркак 29 ёшли аёлни ўлдирганини тан олгани ҳақида хабар берилганди.