Туркманистон Ўзбекистонга газ етказиб беришни қайта тиклади
Туркманистон совуқ сабаб Ўзбекистонга тўхтатилган газ экспортини қайта тиклади. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Аномал совуқ сабаб 12 январдан бошлаб «Дарёлиқ» станцияси орқали Ўзбекистонга газ етказиб беришни тўхтатган Туркманистон 21 январдан бошлаб яна Ўзбекистонга кунига 4,8 миллион куб метр табиий газ етказиб беришни қайта тиклади.
Маълум қилинишича, бугунги кунга келиб бу кўрсаткич 12,6 миллион куб метрга етказилган ҳамда аста-секин етказиб беришнинг кунлик ҳажми 16 миллион куб метргача ошади.
Мавзуга доир: Энергетика вазирлиги корхона ва ташкилотлар ходимларини онлайн иш режимига ўтказишга чақирди
Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов энергия таъминотдаги узилишлар юзасидан изоҳ берганди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирги об-ҳаво шароити жиддийроқ талафотларнинг олдини олиш мақсадида режали чекловлар ўрнатишни тақозо этмоқда. Шунингдек, Энергетика вазирлиги Ўзбекистонга Туркманистондан газ импорти тўлиқ тўхтатилганини маълум қилганди.
Аввалроқ Қозоғистон президенти Тўқаев Қозоғистон Россия ва Ўзбекистон билан газ иттифоқини кўриб чиқишга тайёрлиги, шунингдек, Россия президенти матбуот котиби Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида уч томонлама иттифоқ тузиш ғоясига изоҳ бергани ҳақида хабар берилганди.