Жиззахлик эркак хонадонида бўри сақлаб келаётгани аниқланди
Табиат ресурслари вазирлиги Сирдарё вилоятида ўтказиладиган кўпкари учун «Зомин» қўриқхонасидан бўри олиб келиниши айтилган видеога муносабат билдирди.

Ижтимоий тармоқларда Сирдарё вилоятида ўтказиладиган кўпкари учун «Зомин» қўриқхонасидан бўри олиб келиниши ҳақида тарқалган хабар Жиззах вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси экологик назорат инспекциясининг Зомин тумани бўлими ходимлари томонидан тезкорлик билан ўрганилган.
Ўрганиш давомида Зомин тумани «Туркман» МФЙда яшовчи К.Ғ. исмли фуқаро ўз хонадонида бўрини ноқонуний тарзда тутқунликда сақлаб келаётгани аниқланган. Бу билан фуқаро «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунининг қатор моддалари талабларини бузган.
Шундан келиб чиқиб, фуқарога Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 90-моддаси (ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини, шунингдек ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузиш) 1-бандига асосан БҲМнинг 10 баравари (3 миллион сўм) миқдорида жарима белгиланган.
«Айни пайтда давлат инспекторлари томонидан бўрини табиат қўйнига қайтариш чоралари кўрилаяпти. Бу ҳақда қўшимча маълумот берилишини маълум қиламиз», дейилади хабарда.
Мавзуга доир: «Чотқол»даги фотоқопқонга бўрилар тушиб қолди — фото
Аввалроқ Сурхондарё вилоятида бўрининг терисини шилиб олган эркак видеоси тарқалган эди. Мазкур ҳолат Сурхондарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамда Миллий гвардия бошқармаси ходимлари томонидан жойига чиқиб ўрганилган ва уни фуқаро Т.Ф. содир этилгани маълум бўлганди. У ҳам Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаси билан БҲМнинг 10 баравари (3 миллион сўм) миқдорида жаримага тортилган эди.
Шунингдек, Сурхондарёда «Қизил китоб»га киритилган 4 бош Бухоро буғуси ҳайвонот боғига топширилгани айтилганди. Наманганда эса «Қизил китоб»га киритилган балиқлар овлангани, Сирдарёда «Қизил китоб»га киритилган лочинларни 280 миллион сўмга сотмоқчи бўлганлар ушлангани тўғрисида хабар берилганди.