Ўзбекистон Саудия Арабистони билан божхона ишларида ҳамкорлик қилади
«Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, Ўзбекистон ҳамда Саудия Арабистони подшоҳлиги ҳукумати ўртасида божхона ишларида ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисидаги битим тасдиқланди
«Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди, деб хабар беради Telegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» канали.
Қарорга мувофиқ, Ўзбекистон ҳамда Саудия Арабистони подшоҳлиги ҳукумати ўртасида божхона ишларида ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисидаги битим тасдиқланган. Мазкур битим 2022 йил 17 август куни Жидда шаҳрида имзоланган эди.
Божхона қўмитаси ушбу халқаро шартномани амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли орган этиб белгиланган.
Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари ушбу халқаро шартнома кучга кирганидан кейин Ўзбекистоннинг мажбуриятлари бажарилишини таъминлайди.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев август ойида Мадинада бўлиб, Масжидун Набавийни зиёрат қилгани ҳақида хабар берилганди. Ўшанда икки мамлакат ҳукуматлари ва вазирликлари ўртасида энергетика, божхона, фуқаро авиацияси, туризм, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, меҳнат муносабатлари каби соҳаларда ҳамкорликка доир 15 та ҳужжат қабул қилинган.
Аввалроқ Президент Туркия билан чегаралар орқали ҳамкорликни тартибга солувчи қарорни имзолагани, Ўзбекистон ва Озарбайжон саноат мулкини муҳофаза қилишда ҳамкорлик қилиши тўғрисида хабар берилганди.