Ўзбекистонда аномал совуқ сабаб тузилган штаблар фаолияти кучайтирилган ҳолда давом эттирилади
Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига асосан 23 январь куни бош вазир Абдулла Арипов раислигида аномал совуқ ҳаво шароитида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар муҳокамасига бағишланган навбатдаги видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати ходими Бекзод Ҳидоятов маълум қилди.
Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда жамоат транспорти, коммунал соҳа ва чиқинди ташиш махсус техникалари, қолипли нон ишлаб чиқарувчи корхонларнинг махсус транспорт воситалари учун ҳозирдан алоҳида газ қуйиш шохобчаларини бириктириб бериши кераклиги таъкидланган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2023 йилда табиий газ қазиб олиш ҳажмини 56,3 миллиард куб метрга етказиб (2022 йилда 51,7 миллиард куб метр), ўтган йилга нисбатан 4,6 миллиард куб метрга ошириш имконияти бор.
Шунингдек, қайта тикланувчи энергия жорий этиш ва энергия самарадорлигини ошириш ҳисобига 1,6 миллиард куб метр газ иқтисод қилиш мумкин.
«Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти 2023 йилда табиий газ қазиб чиқариш ҳажмини 32,8 миллиард куб метрга етказиш учун қиймати 5,7 триллион сўмга тенг 744 та геологик-техник тадбирларни амалга ошириши зарурлиги қайд этилган.
Энергетика вазирлиги эса табиий газ ва электр энергияси, кўмир ва мазут импорти билан боғлиқ масалаларни қайта кўриб чиқиши, бошқа муқобил ҳамкорлар билан музокаралар ўтказиши, келишувларга эришиш бўйича олдиндан барча зарур тадбирларни амалга ошириши шартлиги кўрсатиб ўтилган.
«Гидрометеорология хизмати агентлиги томонидан 23-27 январь кунлари республиканинг аксарият ҳудудларига нисбатан совуқ ҳаво массаси кириб келиши ва бунинг натижасида ҳаво ҳарорати жойларда кечаси -5…-18 даража совуши башорат қилинмоқда. Шунинг учун, ўтган 15 кун давомида амалга оширилган тадбирларни янада кучайтирган ҳолда штаблар фаолиятини давом эттириш топширилди», дейилади хабарда.
Мавзуга доир: Энергетик инқирозга аномал совуқни боғлаш тўғрими? Эркин Абдулаҳатов ушбу масала ҳақида гапирди
Ўзбекистон ҳудудига 9 январь куни Волгабўйи ҳудудларидан Россия Европа қисми шимолий ҳудудларида шаклланган совуқ ҳаво массаси кириб келиши натижасида айрим ҳудудларда ҳаво ҳарорати 27 даражагача совиб кетди. Шундан кейин аномал совуқ сабаб Ўзбекистондаги барча таълим муассасаларида қишки таътил муддати узайтирилди шунингдек, мактабгача таълим ташкилотларида ҳам навбатдан ташқари таътил эълон қилинди.
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати барча фуқароларни бунга чора кўришга чақирди. Қайд этилишича, барча иш берувчилар — ҳам давлат, ҳам хусусий сектор иш жараёнларини ташкил этишни чуқурроқ кўриб чиқиши керак. Меҳнат шароитлари билан танишиб чиқиб, ходимларни қулай ҳарорат режими билан таъминлаши зарур.
Аномал совуқ пайтида ҳам электр энергиясида чекловлар киритилди, Энергетика вазирлиги аномал совуқ туфайли саноат корхоналарига газ етказиб беришни камайтирди, совуқ Тошкентдаги автобуслар фаолиятига таъсир кўрсатди. 15 январдан Ўзбекистон ҳудудига Каспий денгизидан илиқ ҳаво кириб келишни бошлади.