Ўзбекистонда журналистлар ички ишлар органлари устидан жамоатчилик назоратини ўрнатади
Президент қарорига кўра, Ўзбекистонда журналистлар ички ишлар органлари устидан жамоатчилик назоратини ўрнатади. Хусусан, улар ички ишлар органлари фаолиятидаги коррупция ҳолатлари бўйича интернет ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган хабарларни батафсил ўрганади ва унинг натижасини кенг жамоатчиликка етказади
«Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди.
Ҳужжат билан Ички ишлар органлари ходимларининг касбий маданият ва хизмат интизоми кодекси тасдиқланган. Кодекс ички ишлар органлари ходимларини «Инсон қадри учун» тамойили асосида тарбиялаш орқали аҳолининг чинакам розилигига эришишга қаратилган.
Қарорга кўра, ички ишлар органлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизимини яратиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмаларида жамоатчилик асосида доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланган, соҳа олимлари, фахрийлари ва журналистлардан иборат жамоатчилик кенгашлари тузилади.
Қуйидагилар жамоатчилик кенгашининг асосий вазифалари этиб белгиланган:
- ички ишлар органлари фаолиятида қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, соҳа бўйича ижтимоий фикрни ўрганиш ва тизимли мониторинг олиб бориш;
- ички ишлар органлари фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнида ижтимоий фикр ва жамият манфаатлари ҳисобга олинишини таъминлаш чораларини кўриш;
- ички ишлар органлари фаолиятидаги коррупция ҳолатлари бўйича интернет ва ижтимоий тармоқларда эълон қилинган хабарларни батафсил ўрганиш ва унинг натижасини кенг жамоатчиликка етказиш.
Шунингдек:
- Ички ишлар вазирлиги академиясига — ички ишлар органлари таълим ва ўқув муассасаларининг педагог кадрларини, шу жумладан, шартнома асосида қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш;
- Ички ишлар вазирлиги академик лицейларига — ўқув-тайёрлов марказларини ташкил этган ҳолда, иш вақтидан ташқари пайтда академик лицей ўқитувчилари томонидан ўқувчи ва фуқаролар учун ихтиёрийлик асосида қўшимча ўқув машғулотларини ўтказиш бўйича пулли таълим хизматларини кўрсатиш ҳуқуқи берилди.
Бунда, қўшимча ўқув машғулотларидан тушган маблағлар академик лицей жамғармасида жамланиб, унинг 50 фоизи машғулот ўтказган ўқитувчининг ойлик маошига, 50 фоизи академик лицейнинг моддий-техник ва ўқув базасини ривожлантириш ҳамда бошқарув-ёрдамчи ходимларини рағбатлантиришга йўналтирилади.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил июнда Шавкат Мирзиёев «Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни имзолаганди. Фармон давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини, ахборот олиш эркинлигини таъминлаш орқали жамоатчилик назоратини такомиллаштириш мақсадида қабул қилинган.
Аввалроқ Ўзбекистонда ички ишлар органларига яна бир ваколат берилгани, Ички ишлар вазирлиги ходими ўлдириб кетилгани, Ўзбекистонда ЙТҲларни ички ишлар органлари ходимисиз расмийлаштириш тартиби маълум қилингани ҳамда Ички ишлар органларигинг барча шахсий таркиби кучайтирилган хизматга ўтказилгани ҳақида хабар берилганди.