Ўзбекистонда тадбиркорнинг розилигисиз ҳисобидаги пулни ўтказганларга жазо белгиланади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида тадбиркорларнинг банкдаги ҳисобварағидан пул маблағларини унинг розилигисиз кўчириш ёки олиб қўйиш ҳолатларига нисбатан жазо чоралари қўллашга оид қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Бу ҳақда спикер ўринбосари Одилжон Тожиев маълум қилди.
Қонун лойиҳасига кўра, жисмоний ва юридик шахсларнинг банк ҳисобварағидаги пул маблағларини уларнинг розилигисиз қонунга хилоф равишда ўтказиш ёки олиб қўйиш ва ортиқча ундирилган пул маблағларини ўз вақтида қайтармаслик учун жисмоний ва юридик шахсларнинг биринчи талабига асосан қайтармаганлик, — мансабдор шахслар ва хизматчиларга БҲМнинг 20 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса — БҲМнинг 200 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
«Мазкур қонун лойиҳаси Президентнинг тадбиркорлар билан «очиқ мулоқоти»дан кейин ишлаб чиқилган. Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди. Такомиллаштирилаяпти», — деб ёзади Тожиев.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йилда бизнес-омбудсман девонига 8 мингдан зиёд мурожаат келиб тушган бўлиб, ундан 7,5 мингдан ортиғи кўриб чиқилиб, 4 мингга яқин мурожаат ижобий ҳал этилганди. Бунда бизнес-омбудсман ва унинг девони ходимлари томонидан 2 мингдан ортиқ таъсир чоралар қўлланилган. Жумладан, 1,6 мингга яқин мансабдор шахсга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги бённомалар расмийлаштирилган. Судларга тадбиркор манфаатида 200 дан ортиқ аризалар, 40 миллиард сўмлик даъво аризалари, давлат органлари мансабдор шахсларига нисбатан 250 та тақдимнома киритилган ва бошқа таъсир чоралар қўлланилган.
2022 йил октябрда Ўзбекистонда тадбиркорлик ҳуқуқларини бузган 1300 нафардан ортиқ мансабдор маъмурий жавобгарликка тортилгани маълум бўлганди.