Қашқадарёда эр-хотин ҳамда уларнинг 3 ва 5 ёшли фарзандлари ис газидан вафот этди
Қашқадарё вилояти Касби туманида бир оиланинг тўрт нафар аъзоси ис газидан заҳарланиб вафот этди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов Bugun.uz’га хабар берди.
Маълум қилинишича, 2023 йилнинг 23 январь куни Касби тумани, “Қамаши” МФЙ, Қамаши қишлоғида жойлашган Д.Л.нинг яшаш хонадонида қўлбола усулда тайёрланган иситиш печидан табиий газ ёниши оқибатида ҳосил бўлган ис гази дудбурон орқали хона ичига сизиб чиққан. Бунинг оқибатида хонада ухлаб ётган Д.Л. (1992 йилда туғилган), унинг турмуш ўртоғи Д.Қ. (1995 йилда туғилган), вояга етмаган фарзандлари А.Р. (2018 йилда туғилган) ва М.Р. (2020 йилда туғилган) ис газидан заҳарланиб вафот этган.
Таъкидланишича, Д.Л. ва унинг оила аъзоларининг ўлим сабабини аниқлаш мақсадида судга оид тиббий экспертизаси тайинланган.
Ҳодиса юзасидан Касби тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида 18 январь куни келин-куёв ис газидан вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Бош прокуратура матбуот хизматининг маълум қилишича, текшириш давомида Каттақўрғон туман ИИБ, туман ҳокимлиги маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, туман оила ва хотин қизлар бўлими ҳамда «Самарқанд ҳудудгаз» корхонасига хизмат текширувлари тайинланган.
Мавзуга доир: Тошкент вилоятида эр-хотин ис газидан вафот этди
Эслатиб ўтамиз, Жиззахда 63 ёшли аёл ва унинг икки невараси ис газидан захарланиб вафот этгани, Фарғонада уч кунлик келин-куёв ис газидан заҳарланиб вафот этгани, шунингдек, Бухорода бир оиланинг беш нафар аъзоси, Наманган вилоятининг Поп туманида ис газидан заҳарланиш оқибатида уч киши ҳалок бўлгани, Фарғонада имом-хатиб ва оила аъзолари ис газидан заҳарланиб вафот этгани ҳамда Андижонда уч нафар ёлланма ишчи ис газидан заҳарланиш оқибатида ҳаётдан кўз юмгани хабар қилинганди. Шунингдек, Бухорода бир нафар фуқаро ис газидан заҳарланиб вафот этганди.
ИИВ маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 2022 йилда 90 дан ортиқ ис газидан заҳарланиш ҳолати қайд этилган. Бунинг оқибатида 146 нафар фуқаро ҳаётдан кўз юмган бўлса, яна 50 нафар шахс турли даражадаги тан-жароҳатлари олган.