Россия Қамбарота-1 ГЭС қурилишида иштирок этмоқчи
Россия Қамбарота ГЭС-1 қурилишида иштирок этиш истагини билдирди. Бу ҳақда Қирғизистон парламентининг ёқилғи-энергетика комплекси, ер қаъридан фойдаланиш ва саноат сиёсати қўмитаси йиғилишида энергетика вазири Таалайбек Ибраев маълум қилди. «Ҳозир Россия ҳам бизга ёзяпти. Улар ҳам бу лойиҳага қўшилиб, молиялаштирмоқчи», — дейди вазир
Россия Қамбарота ГЭС-1 қурилишида иштирок этиш истагини билдирди. Бу ҳақда Қирғизистон парламентининг ёқилғи-энергетика комплекси, ер қаъридан фойдаланиш ва саноат сиёсати қўмитаси йиғилишида энергетика вазири Таалайбек Ибраев маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, давлат келажакда 1860 мегаватт қувват ишлаб чиқаришга қодир бўлган гидроэлектр станциясини қуриш бўйича мегалойиҳани бошламоқда.
«Агар ГЭС қурилса, ўзимиз фойдаланамиз. Иштирокчилар эса қурилишга қанча ҳисса қўшган бўлса, шунча электр энергияси олади. Ҳозир Россия ҳам бизга ёзяпти. Улар ҳам бу лойиҳага қўшилиб, молиялаштирмоқчи», — дейди Таалайбек Ибраев.
Депутат Мирлан Самийкожо вазирдан Қозоғистон Сенати раисининг Қамбарота ГЭС-1 ни Қозоғистон назорат қилиши ҳақидаги баёнотига изоҳ беришни сўраган.
«Балки улар молиялаштиришни назорат қилишни назарда тутаётгандир. Улар ГЭСни назорат қила олмайди. Қўшни давлатдан директорлар кенгашида фақат бир киши бўлади. Ўзимиз эксплуатация қиламиз», — деди Таалайбек Ибраев.
Эслатиб ўтамиз, 6 январь куни Бишкек шаҳрида Ўзбекистон, Қирғизистон ҳамда Қозоғистон энергетика вазирлари Қамбарота-1 ГЭС қурилиши лойиҳаси бўйича «йўл харитаси»ни имзолаганди.
Қамбарота-1 ГЭС Қирғизистондаги энг йирик электр станцияга айланиши, бу Марказий Осиё мамлакатларини электр энергияси билан таъминлаши ҳамда минтақанинг сув таъминотини барқарорлаштириши режа қилинган.
Аввалроқ Тошкент вилоятида «Қуйи Чотқол» ГЭС тўғони қуриш учун дарё ўзанини тўсиш бошлангани, Ўзбекистон ва Қирғизистон Энергетика вазирликлари қўшма баёнот бергани, Қозоғистонда қуриладиган ИЭС Ўзбекистонга электр энергияси етказиб бериши ҳамда Зарафшон дарёсида Ёвон ГЭС қурилишига старт берилгани ҳақида хабар қилинганди.