Санэпиднинг расмий веб-сайти хакерлар ҳужумига учради
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг расмий веб-сайти хакерлар ҳужумига учради. Бу ҳақда Санэпид матбуот хизмати хабар берди.
«Айни пайтда сайт фаолиятини қайта тиклаш учун техник ишлар амалга оширилмоқда ҳамда сайт хавфсизлигини янада мукаммаллаштириш чоралари кўрилмоқда», дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил ноябрда Ўзбекистонда номаълум шахслар Олий Мажлис Сенати веб-сайтига бузиб кириб, Киберхавфсизлик марказига хабар қолдирганди. Bugun.uz алоқага чиққан Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази ходимининг маълум қилишича, бу иш билан марказ шуғулланмаган.
«Бу иш билан биздан ҳам юқоридагилар шуғулланяпти. Раҳбарим менга ҳам маълумот бермади», — деганди марказ ходими. Кейинроқ ҳужумни Норин туманида яшовчи вояга етмаган 16 ёшли М.Б. бошқалар билан олдиндан ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб амалга оширгани аниқланган. Ҳолат юзасидан Норин тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 278-2-моддаси 2-қисми «а» банди (компьютер ахборотидан қонунга хилоф равишда (рухсатсиз) фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилган.