Тошкент вилоятида онасига тиббий ёрдам кўрсатган фельдшерни калтаклаган эркакка жиноят иши қўзғатилди
Тошкент туманида тез ёрдам ходими дўппосланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 23 январь куни соат 16:30 ларда Тошкент тумани ТТЙБ ходимлари (шифокор ва фельдшер) хизмат вақтида келиб тушган чақирувга асосан «Қорабўриқ» МФЙга етиб борган.
Хонадонда йиқилиб тушиб, жароҳат олган бемор (аёл)га биринчи тиббий ёрдам кўрсатилаётган вақтда, аёлнинг ўғли Ў.А. кириб келиб, нега аёл ҳамшира келмади, деб жанжал кўтарган. Шунга қарамай тиббиёт ходимлари хизмат вазифасини бажарган ва заруратга кўра беморни шифохонага олиб борган.
Шу вақтда беморнинг ўғли келиб, тушунтиришларга қарамай жанжални давом эттирган ва фельдшер У.У.ни қабулхона чиқишида шериклари билан қарши олиб, ҳақоратлаган ҳамда уриб, тан жароҳати етказган.
Шунга кўра, 24 ёшли фуқаро Ў.А. ИИБ ходимлари томонидан процессуал тартибда ушланган, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, Тошкент тумани ИИБ томонидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Сурхондарёда шифокор калтаклангани ҳамда Қашқадарёдаги ҳамшира ҳам калтаклангани ҳақида хабар берилганди.