Ўзбекистонда оилавий тадбиркорлик дастурига 12 триллион сўм маблағ ажратилади — Президент
Йиғилишда Хитойдан камбағалликни қисқартириш бўйича катта тажрибага эга экспертлар Ўзбекистонга жалб қилиниши маълум қилинган
Шавкат Мирзиёев раислигида 25 январь куни камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда кичик бизнесни ривожлантиришга қўшимча шароитлар яратиш, шунингдек, 2023 йилда амалга оширилиши режалаштирилган ишлар юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
Йиғилиш аввалида Президент камбағалликни қисқартириш миллий сиёсат даражасига олиб чиқилганини таъкидлади. Натижада 2022 йилнинг ўзида камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14 фоизга тушгани, бунда ҳоким ёрдамчилари 1 миллион нафар аҳолини касб-ҳунарга ўқитиб, тадбиркорлигини бошлашга кўмаклашгани, даромадли иш билан банд қилгани муҳим омил бўлгани қайд этилди. Давлат раҳбари ушбу ишлар давом эттирлиб, 2023 йилда 5 миллион нафар аҳоли бандлигини таъминлаш, шу жумладан 2 миллионта доимий иш ўринларини яратиш зарурлигини таъкидлади.

Андижон вилоятида 2023 йилда инвестиция лойиҳалари ҳисобига 40 мингта, пахта ва ғалладан бўшаган ерларни аҳолига бўлиб бериш ҳисобига 75 мингта ва мавсумий ишлар орқали 200 мингта, маҳаллаларда микромарказлар ташкил этиш, саноат зоналарида ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва марказий кўчаларни хизматларга ихтисослаштириш, савдо-сервис объектларини барпо этиш ҳисобидан 135 мингта ҳамда оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида ажратиладиган кредитлар ҳисобидан 20 мингта иш ўринлари яратиш режалаштирилмоқда.
Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида картошкачиликни йўлга қўйиб, 10 минг аҳолини даромадли иш билан таъминлаш, боғларнинг суғориш тизимини тиклаш ҳисобига 2 минг, Кўкдалада тарвуз экишни йўлга қўйиб, 32 минг, Миришкорда дала четларига тут эктириш ҳисобига пиллачиликда қўшимча 6 минг аҳолини даромадли қилишни режа қилган.
«Қолган вилоятлар-чи? Бу борада ҳудудларнинг дастурлари билан бирма-бир танишиб чиқдим. Очиқ айтиш керак, айрим вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари масаланинг ичига кирмаган», – деди Президент.
Йиғилиш давомида Президент Навоий, Сурхондарё ва Фарғонада камбағаллик кўрсаткичлари бўйича ўзгариш сезилмаётганини таъкидлади.
Навоий, Бухоро, Наманган, Қўқон, Оҳангарон ва Чирчиқ шаҳарлари, Зафаробод, Арнасой, Вобкент, Шофиркон, Когон, Ғиждувон, Ромитан туманларининг бандлик ва камбағалликни қисқартириш бўйича режалари пухта ишлаб чиқилмагани, уларда мавжуд барча имконият ва захиралар ҳисобга олинмаганини танқид қилди. Шавкат Мирзиёев камбағаллик кўрсаткичлари республика бўйича яхшиланган бир пайтда, Навоий, Сурхондарё ва Фарғонада ўзгариш сезилмаётганини таъкидлади.

Маълум қилинишича, эндиликда Хитойдан камбағалликни қисқартириш бўйича катта тажрибага эга экспертлар Ўзбекистонга жалб қилинади.
Президент матбуот хизматининг хабар беришича, Президент оилавий тадбиркорликни янада рағбатлантириш мақсадида 2023 йилда молиявий кўмак кўлами кенгайтирилишини таъкидлаган:
- тадбиркорлар фаолиятини кенгайтириш учун кредит миқдори амалдаги 225 миллион сўмдан 300 миллион сўмгача оширилади;
- деҳқон хўжаликларига гаровсиз кредит миқдори амалдаги 33 миллион сўмдан 50 миллион сўмгача оширилади;
- аввал оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида кредит олиб, яхши натижа кўрсатган тадбиркорлар ушбу дастурлар доирасида яна имтиёзли кредитлар олиши мумкин бўлади (ҳозир фақат бир марта олиш мумкин);
- кредитларнинг бир қисмини пластик картага олишга рухсат берилади.
Бундан ташқари, 2023 йилда оилавий тадбиркорлик дастурига 12 триллион сўм маблағ берилиши маълум қилинди. Шунингдек, йиғилишда илгари ажратилган кредитларнинг қайтарилиши масаласига тўхталиб ўтилди.
«Ҳокимлар бу маблағларни қайтаришни ўйламаса, оилавий тадбиркорлик қаердан бўлади? Ахир бу пуллар қайтса, яна туманнинг ўзига бериладику!», – деди Президент.
Мутасаддиларга ушбу масалани қатъий назоратга олиш топширилди.

Шу билан бирга, бандлик вазирига янги вазирликка бюджетдан ажратилган 1,5 триллион сўмни аввало энг оғир маҳаллаларда камбағалликни қисқартиришга йўналтириш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди.
Бош вазир ўринбосарига, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига вилоят ҳокимликлари билан бирга жалб қилинган 135 миллион долларлик кредит линияси бўйича оғир маҳаллалар кесимида тадбиркорлик лойиҳалари пакетини шакллантириб, ушбу маҳаллаларда камида 50 минг аҳолини банд қилиш вазифаси қўйилди.
Президент Сурхондарёнинг барча туманларига республикадан тажрибали кадрлар ҳоким қилиб қўйилганини таъкидлади ҳамда ушбу туманларда камбағалликни қисқартириш бўйича ишлар янгича услубда ташкил қилинишини маълум қилди:
- биринчи босқичда «темир дафтар», «ёшлар дафтари» ва «аёллар дафтари» ягона тизимга бирлаштирилиб, ҳар бир оиланинг ягона рақамли паспорти ишлаб чиқилади;
- иккинчи босқичда ҳар бир оилани камбағалликдан чиқариш бўйича индивидуал дастурлар тузилади;
- учинчи босқичда оила учун касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорлик лойиҳаси амалга оширилади.
Янги тизимга кўра, туманлар алоҳида тоифаларга ажратилгани ҳамда 4-5-тоифаларга кирган оғир туманлар ҳокимлари ўз иш услублари ва ёндашувларини ўзгартириши шартлиги таъкидланди.

Шунингдек, республикада тадбиркорлик субъектларини кўпайтириш бўйича янги ёндашувларни жорий қилиш зарурлигини қайд этилди. Бухоро, Наманган, Сурхондарё, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида 2022 йилда янги ташкил этилган тадбиркорлар сони 2021 йилга нисбатан 30-40 фоизга камайган. Энг оғир аҳвол Андижон, Термиз ва Когон шаҳарлари, Жалақудуқ, Марҳамат, Олот, Қоракўл, Шофиркон, Мингбулоқ ва Қибрай туманларида кузатилган. Шавкат Мирзиёев ушбу ҳудудлар ҳокимларининг фаолияти қониқарсизлигини кўрсатиб ўтди. Мутасаддиларга вилоят ҳокимлари билан бирга икки ҳафта муддатда ушбу туманларга бориб, мавжуд шароитларни ўрганиб, уларнинг ҳар бири бўйича тадбиркорликни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш топширилди.
Йиғилиш якунида 1 апрелга қадар республиканинг ҳар бир вилоятида камида 5 тадан микромарказни ишга тушириш зарурлиги таъкидланди. Хусусан, 2023 йилда Ғиждувон, Булоқбоши, Зангиота, Фарғона туманлари, Қўқон, Марғилон, Урганч шаҳарларида камида 20 тадан шундай марказларни ташкил қилиш топширилди ҳамда жорий йилда яна 1 миллион аҳолини камбағалликдан чиқариш вазифаси қўйилди.