Ўзбекистондаги вазирлик ва идоралар ходимлари 24 фоизга қисқаради
Президентнинг «Республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга доир биринчи навбатдаги ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони имзоланди. Фармон билан вазирлик ва идораларда бюджет ва нобюджет маблағларидан молиялаштириладиган жами 17 447 та бошқарув ва ишлаб чиқариш штат бирликлари қисқартирилмоқда (умумий сонга нисбатан 24 фоиз). Шу жумладан, вазирлик ва идоралар раҳбарлари ўринбосарлари сони 207 нафардан 144 нафаргача (-63) ёки 30 фоизга қисқартирилмоқда.
Шунингдек, дастлабки ҳисоб-китобларга мувофиқ, 703 та автотранспорт воситалари ва 10 та бинолар бўшамоқда.
Мазкур чора-тадбирлар натижасида:
- штатлар сонини қисқартириш ҳисобига 1,5 триллион сўм;
- автотранспорт воситалари сонини қисқартириш ҳисобига (шу жумладан, ёқилғи-мойлаш, шиналарни алмаштириш харажатлари) 70 миллиард сўм бюджет маблағлари иқтисод қилинмоқда.
Вазирлик ва идораларда ходимларнинг умумий чекланган сони 56 573 нафар этиб белгиланмоқда.
Шу билан бирга, вазирлик ва идораларнинг нобюджет маблағларидан қўшимча бошқарув штатларни киритиш қатъий тақиқланяпти. Ҳар бир вазирлик ва идора ўз фаолиятини мутлақо янги тизим асосида ташкиллаштириш мақсадида 16 та йўналиш бўйича аниқ таклифларни ўз ичига олган Ўзбекистон Президентининг ҳужжати лойиҳасини киритади. Унда, шу жумладан, қуйидаги масалалар бўйича манзилли чора-тадбирлар белгиланади:
- соҳаларда ҳал қилиниши лозим бўлган масалаларга ечим топишга йўналтирилган ташкилий-ҳуқуқий ва молиявий чора-тадбирлар, аҳоли учун қулай шароитлар яратиш, фуқароларнинг тизимли муаммоларини ҳал этиш;
- бюджет маблағларидан мақсадли ва оқилона фойдаланиш, давлат харидлари шаффофлигини ошириш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари учун тенг имкониятлар яратиш орқали давлат харидлари жараёнида рақобатни ривожлантириш;
- тегишли соҳаларда давлат-хусусий шериклик ва аутсорсинг механизмларини кенг жорий қилиш, 2023 йилдан бошлаб вазирлик
ва идоралар ҳамда уларнинг тизим ташкилотларининг айрим функцияларини босқичма-босқич хусусий секторга ўтказиш; - тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш (уларга хизмат кўрсатиш, давлат томонидан субсидия тақдим этиш, имтиёз бериш ва бошқача тартибда қўллаб-қувватлаш) ҳамда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш;
- вазирлик ва идораларда ҳамда улар таркибига кирадиган ташкилотлар кесимида коррупция авж олган соҳаларда унинг ривожланиш сабаблари ва шартларини ўрганиш асосида ушбу соҳаларнинг ҳар бирига «ташхис қўйиш» ҳамда коррупция омилларини бартараф этиш;
- соҳага АКТни кенг жорий этиш, шу жумладан вазирлик ва идораларнинг иш жараёнини рақамлаштириш;
- энергияни тежаш, унинг самарадорлигини ошириш ва соҳага қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жалб қилиш.
Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига мурожаатномасида вазирлик ва идоралар сони 28 тагача камайтирилишини маълум қилганди. Президент биринчи босқичда вазирликлар ислоҳ қилинади, ҳукумат иш услуби ҳам тубдан ўзгаришини айтганди. Энг аввало, вазирлик ва идоралар сони ҳозирги 61 тадан 28 тагача камайтирилади. Шу билан бирга, давлат хизматчилари сони босқичма-босқич 25-30 фоизга қисқаради. Иқтисод қилинадиган маблағлар ижтимоий масалаларга йўналтирилади.
Аввалроқ, Молия вазири ўринбосари Одилбек Исаковнинг маълум қилишича, давлат органларнинг қисқартиришили ва ихчамлаштирилиши ҳисобига Ўзбекистон давлат бюджети 2,8 триллион сўм тежайди. Унинг сўзларига кўра, ҳукумат ушбу маблағларни макталардаги болаларнинг овқатланишига йўналтириш таклифини илгари сурмоқда. Ўз навбатида Адлия вазирлиги ОАВда мамлакатда амалга оширилаётган маъмурий ислоҳотлар, хусусан, яқинда вазирлик ва идораларнинг қайта ташкил этилиши ҳамда бирлашишига оид хабарларни танқид қилганди.