Тошкентнинг тармоқдан узоқ жойлашган туманларига когенераторлар ўрнатилади
Вазирлар Маҳкамасининг «Тошкент шаҳри аҳолисини қўшимча иссиқлик ва электр энергияси билан таъминлаш мақсадида тажриба-синов лойиҳалари ни амалга ошириш бўйича тезкор чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди, деб хабар беради Norma.

Ҳужжат ҳукуматнинг 2023 йил 13 январдаги «Тошкент шаҳри марказлашган иссиқлик таъминоти корхоналари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги 13-сон қарорига мувофиқ ишлаб чиқилган.
Хусусан, пойтахтнинг иссиқлик тармоқларининг сўнгги қисмларида жойлашган 11 та туманида параллель равишда иссиқлик ва электр энергияси ишлаб чиқариш учун когенерация ускуналари ҳамда газ двигатели ўрнатилади. Шу тариқа, пойтахтнинг 11 та маҳалласида 236 та кўп квартирали уй, 5 та мактаб ва 13 та болалар боғчасини иссиқлик ва электр энергияси билан таъминлаш яхшиланади.
Энергетика вазирлигига Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари орқали бир ҳафта муддатда ускуналарни ишлаб чиқарувчи корхоналар билан алоқа ўрнатиб, тайёр ускуналарни етказиб бериш ҳамда ўрнатиш, шу жумладан, техник таъминлаш бўйича тижорат таклифларини киритиш топширилган.
Истисно тариқасида, «Иссиқлик электр станциялари» АЖга экспертизадан ўтказмасдан:
- ускуналарни харид қилишга;
- ускуналарни ўрнатиш ва ишга тушириш ҳамда иссиқлик тармоқларини реконструкция қилиш ишларини амалга ошириш учун пудратчиларни аниқлашга рухсат берилган.
Ускуналарни харид қилиш ишлари Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан молиялаштирилади. Иссиқлик ва электр энергияси кўп квартирали уйлардаги истеъмолчиларга амалдаги тарифлар асосида етказиб берилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 21 январдан кучга кирган.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига асосан бош вазир Абдулла Арипов раислигида аномал совуқ ҳаво шароитида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар муҳокамасига бағишланган навбатдаги видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтганди. Унда ўтган 15 кун давомида амалга оширилган тадбирларни янада кучайтирган ҳолда штаблар фаолиятини давом эттириш топширилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Қирғизистондан Туркманистондан сотиб олинган электр энергиясини қарзга олгани, БАА, Франция ва Хитой компаниялари Ўзбекистонда қуёш фотоэлектр станцияларини қуриши, Толибон мамлакатда электр энергиясидаги узилишларда Ўзбекистонни айблагани, Бухорода умумий қуввати 1 ГВт бўлган иккита шамол электр станцияси ишга туширилиши тўғрисида хабар берилганди.
Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов энергия таъминотдаги узилишлар юзасидан изоҳ берганди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирги об-ҳаво шароити жиддийроқ талафотларнинг олдини олиш мақсадида режали чекловлар ўрнатишни тақозо этмоқда.