Бухоро прокуратураси 23 бола вафот этгани ҳақида ёлғон хабар тарқатган Telegram-канал маъмурларига қарши жиноят иши қўзғатди
Bukhara News ахборот ресурси томонидан маълумотларнинг ҳаққонийлиги ўрганилмасдан видеомурожаат эълон қилингани юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бухоро вилояти прокуратураси ахборот хизмати маълумот берди.
Қайд этилишича, аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган маълумотлар тарқатилгани ҳолати бўйича вилоят прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 244-1-моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатларини олиб бориш вилоят ИИБга юклатилди. Тергов жараёни тўғрисида қўшимча ахборот берилиши маълум қилинган.
«Ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонуннинг 12-1- моддасида ахборот ресурсининг эгаси, шу жумладан, блогерлар учун ўз веб сайтига ва (ёки) веб сайт саҳифасига ёхуд бошқа ахборот ресурсига ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборот жойлаштирилгунига қадар унинг тўғрилигини текшириш мажбурияти бор.
Аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бухорода «Цинепар» сиропини ичган 23 бола вафот этгани тўғрисидаги хабарларни рад этганди. «Бу маълумотлар мутлақо асоссиз ва ҳақиқатга зид эканини маълум қилди. Ўрганишлар давомида Бухоро вилоятидаги тиббиёт муассасаларида даволанган болаларда ушбу препаратни қабул қилиш туфайли ҳеч қандай ўлим ҳолати кузатилмаган», — дейилади вазирлик муносабатида.
Эслатиб ўтамиз, декабрь охирларига келиб ижтимоий тармоқларда «Док-1 Макс» таблетка ва сироп дори воситалари сабаб Самарқандда 15 нафар бола вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Маълумотларга кўра, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида сентябрь-декабрь ойларида 21 нафар бемор ўткир буйрак зарарланиши билан текширилган, даволанган.
Беморлар Жиззах, Қашқадарё, Навоий ҳамда Самарқанд вилоятидан бўлган, 3 нафар бемор соғломлаштирилиб, уйига жавоб берилган ва 18 нафари вафот этган. Беморларнинг барчаси 6 ёшгача бўлган болалар. Уларнинг 15 нафари 3 ёшгача бўлган болалар. Кейинроқ Деҳқонобод туманида ҳам 1 ёшли бола «Док-1 Макс» сиропидан вафот этди. 7 январь куни Наманганда ҳам 3 ёшли бола «Док-1 Макс» препаратидан заҳарланиб вафот этди.
