«Ўзбекистонда таълим дарсликлари ‘муаллифлар мафиясиʼ сабаб ривожланмаган» — Алламжонов мактаб дарсликлари ҳақида
Президент администрацияси раҳбари ўринбосари Комил Алламжонов «Озодлик» радиосига берган интервьюсининг қисқача мазмуни келтирамиз
Президент администрацияси раҳбари ўринбосари Комил Алламжонов «Озодлик» радиосига берган интервьюсида Ўзбекистонда янги дарсликларни яратишда Финляндия тажрибасидан фойдаланилаётгани, Республика таълим марказининг тақдири ҳамда дарсликлар муаллифлари ўртасидаги «мафия» ҳақида гапирди.
Қуйида интервьюнинг қисқача мазмунини келтирамиз.
Бутун мактаб тизимини ислоҳ қилиш жараёни бошланди. Бу жараёнда биз 1-синфдан 11-синфгача бўлган бутун дарсликлар, методика, ўқув дастурларининг ҳаммасини нолдан бошлаб қайтадан яратмоқдамиз. Ҳозирда 4-синфгача бўлган ўқув дастурлари, методикаси, ўқитувчилар малакасини оширадиган дастурлар тайёр. Бу амалиётга жорий қилиниши арафасида турибди.
Финляндия таълим тизими танланишига сабаб — бу дунёдаги энг илғор таълим тизими ҳисобланади. Уларнинг ўқитиш методикаси бизга маъқул бўлгани учун айнан Финляндия танланди. Ҳозирда тайёр бўлган 1—4-синфлар учун ўқув қўлланмалари ҳам Финляндия мутахассислари томонидан экспертизадан ўтказилиб, лицензия берган.
Реструктизацияси натижасида Республика таълим марказининг тақдири номаълум.
Лотинлаштириш масаласи шиддат билан амалга ошириляпти. Лекин бу бирданига бўладиган иш эмас, вақти соати билан 100 фоиз лотинлашиб кетамиз.
Собиқ халқ таълими вазири Шерзод Шерматов 2020 йилда Президентга намойиш этган дарсларнинг бир қисми такомиллаштирилди, бир қисми сифатсиз бўлгани учун муомаладан олиб ташланди.
Ўзбекистонда таълим дарсликлари рақобати ривожланмаганига асосий сабаб Республика таълим марказига, у ердаги носоғлом муҳитга, «муаллифларнинг мафияси»га бориб тақалади. Кучли гуруҳ ўзининг нонини ҳеч кимга бермасдан ишлаган, ташқаридан бирор таҳририят буни тайёрлаб беришига эҳтиёж бўлмаган. Шунингдек, халқ таълими вазирлари доимо алмашиб турган. Бугунги кунда таълим тизимини 1-синфдан 11-синфгача бутунлай яратиш учун аслида битта вазир 11 йил жойида ўтириши керак.
Нашриётлар, дарсликлар муаллифлари ўртасидаги рақобат тендерлар билан эмас, китоблар сифати билан белгиланиши керак. Шу сабабдан ҳам биз Республика таълим марказининг тугатилиши тарафдоримиз.
Давлат бюджети эвазига яратилган китобларнинг эгаси давлат эмас, муаллифларнинг ўзи бўлган. Шартномалар шунақа қилишганки, муаллифларнинг ўзида қолиб кетган. Амалда эса, АОКА раҳбари бўлганимда, сентябрда дарсликларни етказиб беришимиз керак эди, лекин китоб муаллифи оламдан ўтиб қолган. У китоб фарзандларига мерос бўлиб қолиши керак бўлган, аммо улар ўртасида ўзаро тортишув сабаб бутун мактабларга китоблар етиб бормаган.
Президентга дарсликларни тақдимот қилган Юлия Рисакова менинг жамоам аъзоси ҳисобланади. Бу аёл «Темурбеклар мактаби» дарсликларининг яратилишида ишчи гуруҳ раҳбари бўлган, «Ўқитувчи» нашриёти раҳбари ўринбосари лавозимида ишлаган. Комил Жалиловни ҳам ишга олган шу Рисакова бўлади. У ўз вақтида «Ягона имтиҳон маркази» раҳбари бўлган, «Автотест»да фаолият юритган.
Йиллар давомида яратилган дарсликлар макетини давлатга бепул берамиз. Давлат эса электрон версияси китоб бўлиб чиқиши учун тендер эълон қилади, унда ким ғолиб бўлса, бюджет ҳисобидан пул тўланиб, китоб кўринишида мактабларга етказилади.
Президент Администрацияси раҳбари Сардор Умурзақов бошчилигидаги 2022 йил ноябрда ўтган йиғилишда янги авлод дарсликларини жорий этиш масаласи муҳокама қилинганди. Ўшанда Ўзбекистонда Финляндия тажрибаси асосида яратилган янги авлод дарсликлари 2023 йил 1 январдан бошлаб 14 та ҳудуддаги мактабларнинг 1-4 синфларида синовдан ўтказилиши айтилган. Шунингдек, ўша ойда Ўзбекистонда 14 та ҳудуддан 179 нафар ўқитувчи замонавий ўқув дарсликлари бўйича малака ошираётгани маълум бўлганди.