Тошкентда 40 та маҳаллада ўрнатилган контейнерларда тиббиёт пунктлари ташкил этилади
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида ўрнатиладиган тиббий контейнерлар ҳақида айтилган танқидий фикрларга муносабат билдирди.

Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Бахтиёр Раҳмоновнинг қарорига кўра, пойтахтдаги 40 та маҳаллага ўрнатилган контейнерларда тиббиёт пунктлари ташкил этилиши белгиланган. Бунинг учун 900 миллион сўм маблағ ажратилади. Йил давомида шаҳар бўйлаб жами 170 та контейнер ўрнатилиши режалаштирилмоқда.
Тошкентда 900 млн сўмга 40 та маҳаллага тиббий контейнерлар ўрнатилади
Бу муассасалар барча зарур дори-дармонлар, керакли тиббий буюмлар, жумладан, ЭКГ ва 18 турдаги тиббий асбоб-ускуна ҳамда жиҳозлар билан таъминланади. Эрталаб соат 08:00 дан кечки 20:00 гача ишловчи икки койкали «кичик шифохона»да умумий амалиёт шифокори ва 2 нафар ҳамшира аҳолига мобил тиббий хизмат кўрсатади.
«Бундай маҳалла тиббиёт пунктлари диспансер назоратида турган кексалар, ҳомиладор аёллар ва болаларни тиббий кўрикдан ўтказишда оилавий шифокорга катта енгиллик беради. Фуқароларнинг эса оддий кўриклар учун ўз ҳудудидаги поликлиникага қатнашига зарурат қолдирмайди. Чунки улар пойтахтнинг аҳоли гавжум бўлган кўп қаватли уйлари ёнига ўрнатилади», — дейилади хабарда.
Пунктларни жиҳозлаш, уларнинг узлуксиз фаолиятини таъминлаш Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан амалга оширилади. Шунингдек, бу кичик муассасаларга электр энергия ва сув тармоқлари тортилиб, иссиқ ҳамда совуқ кунларда ҳаво мўътадиллигини таъминловчи мосламалар ўрнатилади. Тиббий пунктлар беморларнинг стационар даволанишига эмас, балки уларга бирламчи тезкор хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган. Ажратилаётган маблағлар эса кичик «поликлиника»да ҳам худди оилавий поликлиникалардаги шароитларни ҳозирлаш учун сарфланади.
Аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирлигига қўшимча вазифалар юклатилиши мумкинлиги, Ўзбекистонда тез ёрдам бригадаларини беморгача масофанинг яқинлигига қараб йўналтириш йўлга қўйилиши тўғрисида хабар берилганди.