Тошкентда кўнгилочар мажмуалар ва истироҳат боғларининг иш вақтига қўйилган чекловлар бекор қилинди
Тошкентда савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, кўнгилочар марказларнинг иш вақтига қўйилган чекловлар олиб ташланди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Ўзбекистонда кузатилган аномал совуқ об-ҳаво кунлари Тошкент шаҳридаги озиқ-овқат дўконлари ва умумовқатланиш корхоналаридан ташқари барча савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, кўнгилочар савдо марказлари ва истироҳат боғлари вақтинча қисқартирилган иш режимига ўтказиш тавсия этилган эди. Пойтахт ҳокимлиги буни аҳоли хонадонларига электр энергияси ва газ таъминотини узлуксиз етказиш мақсади билан изоҳлаган. Шундан сўнг 15 январь соат 17:00 дан бошлаб барча савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари, кўнгилочар мажмуалар ва истироҳат боғлари ёпилишни бошлаганди.
«Бугунги кунда ҳаво ҳарорати яхшиланаётгани ва ҳолат барқарорлашаётганлиги боис юқоридаги барча корхоналар доимгидек иш режимида фаолият олиб боришлари мумкин», — дейилади хабарда.
Аввалроқ Тошкентда маъсулларни асосий фаолиятидан чалғитувчи ҳар қандай йиғилиш ўтказиш тақиқлангани, аномал совуқда ҳам «свет» ўчирилиши маълум қилингани, энергетика вазирлиги энерготизимда режали чекловлар киритилмаса Ўзбекистон жиддий талафот кўриши мумкинлигини айтганди.
Аномал совуқ пайтида ҳам электр энергиясида чекловлар киритилди, Энергетика вазирлиги аномал совуқ туфайли саноат корхоналарига газ етказиб беришни камайтирди, совуқ Тошкентдаги автобуслар фаолиятига таъсир кўрсатди. 15 январдан Ўзбекистон ҳудудига Каспий денгизидан илиқ ҳаво кириб келишни бошлади.