«Ёшлар — келажагимиз» жамғармаси Қашқадарё филиали собиқ бошлиғи 1,8 млрд сўмни ўзлаштиргани аниқланди
«Ёшлар — келажагимиз» жамғармаси Қашқадарё вилояти филиали собиқ раҳбари катта миқдордаги пул маблғларини ўзлаштирганликда гумонланиб, жиноят иши доирасида қамоққа олинди, деб хабар беради вилоят прокуратураси. «Ёшлар — келажагимиз» жамғармаси вилоят филиали собиқ бошлиғи Қарши шаҳридаги МЧЖлардан бирининг раҳбари билан жиноий тил бириктириб, ўзига ишониб топширилган ва ихтиёрида бўлган 1,8 миллиард сўм маблағларни ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган.
Ҳолат юзасидан Қарши шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 167- (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддалари (Мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
«Дастлабки тергов давомида 2 нафар шахсга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган. Терговнинг бориши вилоят прокуратураси томонидан алоҳида назоратга олинган», — дейилади хабарда.