«Зомин» қўриқхонасида Туркистон силовсини ва бўрилар фотоқопқонларга тушиб қолди — видео
Табиат ресурслари вазирлиги «Зомин» давлат қўриқхонасига ўрнатилган фотоқопқонлар Туркистон силовсинини тасвирга олди, деб хабар бермоқда. Ушбу жонивор асосан тоғларнинг ўрта ва юқори қисмлари (алп ўтлоқлари зонасининг баргли ўрмон ва арчазорлар қоплаган қуйи чегарасигача), кўпинча сочма-тошлоқ ва қояларга яқин жойларда яшайди. Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг рўйхатига ва Ўзбекистон «Қизил китоби»га киритилган. Асосан тунда, баъзан кундузи ҳам фаол, бошқа пайтлари чакалакзор буталар орасига беркиниб ётади.
Шунингдек, мазкур қўриқхонасига ўрнатилган фотоқопқонларга ҳудудда озуқа излаб юрган бўрилар ҳам тасвирга олинди.
Ҳар иккала тасвирда бўрилар ҳар хил вақтларда аммо битта йўлдан юрганини кўриш мумкин.
Маълумот учун, «Зомин» давлат қўриқхонаси Жиззах вилоятининг Зомин ва Бахмал туманлари ҳудудида жойлашган. Унинг майдони деярли 27 минг гектарни ташкил қилади.
Аввалроқ «Сурхон» давлат қўриқхонасида ўрнатилган фотоқопқонларга бўрилар муҳрланганди. Шунингдек, Бухородаги қўриқхонада ўрнатилган фотоқопқонга ноёб турдаги отлар тушиб қолгани, «Қизилқум» қўриқхонасида йўқ бўлиб кетаётган Ўрта Осиё қундузи тасвирга олингани тўғрисида хабар берилганди.