Human.uz нашри раҳбарияти «орган ходимлари» томонидан қўлга олинди. Улар товламачиликда гумонланмоқда
Human.uz сайтининг директори Хуршид Далиев, бош муҳаррири Муслим Мирзажонов ва таҳририятнинг бошқа ходимлари Тошкент давлат аграр университети ҳудудида жойлашган офисидан бугун, 27 январь, соат 10:00 атрофида олиб кетилганлиги ҳақида таҳририят расмий Telegram-канали хабар қолдирди. Шунингдек, хабарда «орган ходимлари» томонидан офисдаги эшиклар бузиб кирилгани ва айни дамда барча маълумотлар, қурилмалар тинтув қиланаётгани айтилган.
«Human.uz сайти таҳририяти тўсатдан ва огоҳлантиришларсиз олиб кетилган барча инсонлар саломатлиги ва ҳолатидан қаттиқ қайғуда. Уларнинг ҳеч бирига алоқага чиқишнинг иложиси бўлмаяпти. Таҳририят ушбу ҳолатни Ўзбекистон Президенти сиёсатига мутлақо зид ва сўз эркинлигига таҳдид деб ҳисоблайди», — дейилади хабарда.
Human.uz сайти барча ОАВ нашрлари, блогерлар ва ҳуқуқ фаолларини ушбу тезкор хабарни ёритишда кўмак беришларини, ҳуқуқни мухофаза қилиш органларидан эса вазиятга ойлинлик киритиб расмий муносабат беришини сўраган. Human.uz сайти фаол, ишлаяпти. Бундан аввал таҳририят сайт блоклангани ҳақида хабар ёзиб қолдирганди.

Шунингдек, Human.uz таҳририяти офис Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қуйи Чирчиқ тумани бўлими суриштирувчиси Э. Абламуродов имзоси билан муҳрлангани маълум қилинган.
Bugun.uz’нинг бир-биридан мустақил уч манбаси маълумотига кўра, улар, жумладан, Хуршид Далиев ва Муслим Мирзажонов «бир гуруҳ шахслар томонидан ўта йирик миқдорда товламачилик содир этганлик» билан боғлиқ жиноят иши доирасида гумонланиб қўлга олинган.
Kun.uz’нинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардаги манбаси маълумотларига кўра, ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган ва сайт масъулларидан ташқари давлат ташкилотларида ишловчи бошқа шахслар ҳам процессуал тартибда ушланган. Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Human.uz интернет нашри журналистларининг қўлга олиниши билан боғлиқ вазиятдан хавотирдалигини билдирган.