«Ўзбекистонда 2023 йилда ипотека бозори жадал суръатлар билан ўсади» — Марказий банк раҳбари
Ўзбекистон Марказий банки ипотека кредитлашнинг юқори ўсиш суръатларини кутмоқда. Бу ҳақда банк раиси Мамаризо Нурмуродов 26 январь куни ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.
Матбуот анжумани давомида Ўзбекистонда ипотека кредитлаш 2022 йил якунлари бўйича ундан олдинги йилга нисбатан 29,6 фоизга ўсиб (10,6 триллион сўм), 46,4 триллион сўмни ташкил этгани ҳақида маълум қилинган. Шу билан бирга, банклар томонидан аҳолига берилган ипотека кредитлари (70 913 киши, 2021 йилда 59 570 киши эди) ўтган йилга нисбатан 46,9 фоизга — 14,4 триллион сўмга ошган, уларнинг 4,3 триллион сўми Тошкент шаҳри ҳисобига тўғри келади.
Ипотека ажратилиши асосан Молия вазирлиги маблағлари ҳисобидан амалга оширилган (10,4 триллион сўм), шунингдек, банклар ҳам ўз маблағларини ипотека кредитларига фаол киритишни бошлаган — 3,79 триллион сўм (ўсиш — 4,4 баробар). Кредитларнинг бир қисми Ипотека кредити беришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан молиялаштирилган — 167 миллиард сўм.
Мавзуга доир: Кўчмас мулк нархлари ўсиб бораётган ҳозирги вақтда ипотека кредитини олиш анча фойдали — эксперт
52 028 киши янги қурилган турар жой биноларидан квартира хариди учун 10,78 триллион сўм миқдорида ипотека олган (75 фоиз), яна 17 885 нафар фуқарога иккиламчи бозордан уй олиши учун 3,59 триллион сўм ажратилган. Асосий харидорлар — 31-50 ёш (70 фоиз), шунингдек, 18-30 ёш оралиғидаги (21 фоиз) фуқаролардир.
«Асосий омил — ўтган йиллардаги ипотека кредитларига бўлган талабнинг қондирилмаганида. Жорий йилда ипотека кредитлашнинг юқори ўсиш суръатларини кутмоқдамиз, бу Ўзбекистонда биринчи навбатда Ипотека кредитлаш жамғармаси орқали банк тизимидаги ресурсларнинг кафолатланган таъминланиши билан боғлиқ. Яъни тижорат банкларининг улар ажратаётган барча кредит ресурсларини Ипотека кредитлаш жамғармаси орқали қоплашлари мумкин. Бу биринчи силжиш», — дейди Марказий банк раҳбари.
Мамаризо Нурмуродов сўзларига кўра, ресурс базаси «банк тизими учун рентабеллик бўйича ҳам, ставка тахминан 17-18 фоиз бўлган аҳоли учун ҳам мақбулдир».
«Иккинчидан, энг муҳими — ҳозирда давлат аҳолининг турар жой билан таъминланишини яхшилашга катта эътибор қаратмоқда. Бунда Янги Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияси доирасида турар-жой мажмуаларини барпо этиш ҳам қисман ипотека кредитлаш линиялари ҳисобидан молиялаштирилмоқда. Банклар бу ерда бирор нарсани йўқотиши мумкин бўлган хавф-хатарларга эга эмас, чунки аҳолининг, айниқса, кам таъминланганларнинг дастлабки бадаллари ва фоиз тўловларининг маълум бир қисми давлат томонидан субсидияланади», — дея таъкидлайди Мамаризо Нурмуродов.
Аввалроқ Ўзбекистонда ярим йилда аҳоли сотиб олган уйларнинг 28 фоизи ипотека кредитлари ҳисобига молиялаштирилгани, Президент Тошкентда иш бошлаган ипотека марказини бориб кўргани тўғрисида хабар берилганди.
Шунингдек, 2022 йил сенябрда «Ипотека кредитидан фойдаланишда аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинганди. Унга кўра 2023 йил 1 январдан бошлаб дастлабки бадалнинг ва ипотека кредити бўйича фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия берилган фуқароларнинг уй-жойларни сотиб олиш, қуриш ёки реконструкция қилишига олинган ипотека кредитларини ҳамда улар бўйича ҳисобланган фоизларни тўлаш учун йўналтирилган иш ҳақи ва бошқа даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортилмайди.