Ўзбекистонда Ready4Trade Марказий Осиё лойиҳаси доирасида 500 дан ортиқ тадбиркор экспорт бўйича курсларда таълим олди
Ўзбекистонда 2022 йилда кичик бизнес ва хусусий тадбифркорлик субъектларининг раҳбарлари учун экспорт ҳамда халқаро савдо қоидаларини ўргатувчи янги ўқув дастури жорий қилинган. Курсларда тадбиркорлар ҳам онлайн, ҳам офлайн шаклда бепул ўқиши мумкин.

Ўқув дастуридан кўзланган мақсад Ўзбекистондаги кичик ва ўрта бизнес вакилларига ўз экспорт салоҳиятини олиб чиқиш учун имкониятлардан фойдаланишда ёрдам бериш ва миллий иқтисодиёт рақобатбардошлигини ўсишига узоқ муддатли ижобий таъсир ўтказишдан иборат. Ўзбекистонлик 500 дан ортиқ тадбиркор 2022 йил 21 сентябрдан ўқув дастури доирасида ўқиб, таклиф этилаётган курслар қаторида экспорт таомиллари, халқаро савдо қоидалари, транзит логистика йўналишлари, сифат ва мувофиқлик стандартлари, шунингдек Европа Иттифоқи бозор талаблари ҳақида билимга эга бўлди.
Ўқув материаллари Халқаро савдо маркази (ITC) – Жаҳон савдо ташкилоти ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қўшма агентлиги томонидан ишлаб чиқилган. Ташаббус Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириладиган Ready4Trade Марказий Осиё лойиҳасининг бир қисми ҳисобланади. Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ушбу лойиҳанинг фаолиятини мувофиқлаштириб, экспорт ҳамда халқаро савдо қоидаларини ўргатиш ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватламоқда.
Ўқув дастури Тошкент давлат иқтисодиёт университети қошидаги «Ўзбекистон иқтисодиёти ривожланишининг илмий асослари ва муаммолари» илмий-тадқиқот маркази базасида амалга оширилади. Университет ушбу халқаро лойиҳанинг Ўзбекистондаги институционал ҳамкори бўлди.
«Онлайн ва офлайн курслар иштирокчилари ноёб билимларга эга бўладилар, чунки дастур Ўзбекистонда экспортчилар дуч келадиган муайян муаммоларга асосланган. Халқаро савдо марказининг техник экспертизаси ва кенг профессионал контактлар тармоғи туфайли, тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган барча саволларга ўзларига қулай шаклда, бепул жавоб олишлари мумкин», — қайд этди илмий-тадқиқот маркази директори Муҳиддин Калонов.
Ўтган йилда тренерлар Тошкентда, шунингдек Фарғона ва Урганчда офлайн-семинарлар сериясини ўтказди. Дастурни якунлаган иштирокчилар курс ўтилганини онлайн тасдиқловчи сертификатларга эга бўлдилар. Пойтахтдан ташқари 2023 йилда Самарқанд, Бухоро ва Наманганда ҳам семинарлар ўтказиш режалаштирилган. Бу йил инструкторлар раҳбарлигида биринчи семинар 30 январда Тошкентда ўтказилади. Офлайн семинарларларда қатнашиш учун қуйидаги ҳавола орқали рўйхатдан ўтиш мумкин: https://bit.ly/3FDVAKQ
Таълим икки шаклда – тренерлар раҳбарлигида офлайн семинарларда ва махсус ўқув платформасида онлайн режимда ўтиши сабабли, ҳар бир қизиққан тадбиркор экспорт асосларини ўзига қулай усулда ўрганиши мумкин.
«Ўзбекистон тадбиркорлари учун янги бозорларга чиқиш ўз бизнеслари кўламини кенгайтириш ва ишлаб чиқарилаётган маҳсулот сифатини ошириш имконини беради. Бундан ташқари, келгусида хорижда шуҳрат қозониши мумкин бўлган маҳаллий брендларни яратиш мамлакат обрўсига ҳам ижобий таъсир кўрсатади», — қайд этди ТДИУ профессори Абдурашид Қодиров.
Ўқув дастурида барча қизиққанлар таҳсил олишлари мумкин, бунинг учун UzExportAcademy платформасида рўйхатдан ўтиш, керакли курсни танлаш ва таълим олишни бошлаш, бу билан экспортга чиқиш йўлидаги илк қадамни ташлаш кифоя.
___________________________
Ready4Trade Марказий Осиё – Европа Иттифоқи молиялаштирадиган ва Халқаро савдо маркази томонидан маҳаллий шериклар билан яқин ҳамкорликда амалга ошириладиган тўрт йиллик лойиҳа. Ready4Trade Марказий Осиё лойиҳасининг бенефициарлари ҳукуматлар, кичик ва ўрта бизнес, жумладан аёллар раҳбарлиги остидаги корхоналар ва бизнес ривожини қўллаб-қувватловчи ташкилотлар саналади.
Лойиҳа тўғрисида батафсилроқ маълумот: https://ready4trade.intracen.org/ru
UzExportAcademy ўқув платформасининг сайти: https://uzexport.learning-solutions.cloud/
Реклама