«Ўзбекнефтгаз» Устюртда газ қазиб чиқариш ва захира ҳажмини ошириш бўйича бажарилаётган ишлар ҳолатини ўрганмоқда
Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги «ишчи гуруҳ» аъзолари табиий газ қазиб чиқаришга амалга оширилаётган ишларни ўрганмоқда, деб хабар бермоқда «Ўзбекнефтгаз» матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, «Ўзбекнефтгаз» Бошқарув раиси бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари Устюртда бўлиб, бошқармада 2023 йилда режалаштирилган геологик техник тадбирлар ижроси, углеводородлар захираларини кўпайтириш, конлардан табиий газ қазиб чиқаришни ошириш ҳамда технологик объектларни ишга тушириш бўйича бажарилган ишлар ҳамда меҳнат қилаётган ходимлар учун яратилган шароитлар билан танишди.
Устюртда углеводородлар захирасини ўстириш дастури доирасидаги ишларни жойидан назорат қилиш мақсадида мавжуд конларнинг қуйи қатламлари истиқболлигини ўрганиш бўйича бурғиланаётган «Қуйи Шарқий Бердах» 5-сонли, «Қуйи Шимолий Бердах» 4-сонли излов қидирув қудуқларидаги бурғилаш жараёнлари ҳолати ҳам ўрганилди.

Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармасида конлардан газ қазиб чиқаришни ошириш йўналишида бурғилашдан ишга тушириладиган «Шарқий Бердах» 100-сонли, «Қуйи Шарқий Бердах» 11-сонли ишлатиш қудуқларида бурғилаш бўйича олиб борилаётган ишлар жойидан назорат қилинди.
Газ қазиб чиқаришнинг барқарорлигини таъминлашда қудуқларни капитал таъмирлаш ишлари ҳам муҳим, ушбу йўналишдаги ишлар ҳолатини ўрганиш учун ишчи гуруҳ аъзолари «Шарқий Бердах» конидаги 32, 33 ва 35-сонли қудуқларида бўлди.

Шундан сўнг, «Шарқий Арслон» истиқболли майдонидаги 1-сонли излов-қидирув қудуғини бурғилаш ишлари ҳам, шу ерда ишлаётган ходимларнинг иш ва яшаш шароитлари ҳам ўрганилган.
Иш майдонларида пудратчи ташкилотлар раҳбарлари билан мавжуд муаммоли масалалар муҳокама қилиниб, «Ўзбекнефтгаз» департаментлари ва Устюрт бошқармаси раҳбарларига ҳар бир қудуқ кесимида амалга оширилаётган бурғилаш ишларига масъулларни бириктириш, улар томонидан доимий назорат қилишни ташкил этиш, зарур моддий-техник ресурсларни етказиб бериш бўйича кўрсатмалар берилган.

Маълумот учун, 2023 йилда Устюрт бошқармасида геологик техник тадбирлар доирасида жами 102 та тадбир режалаштирилган:
- 30 та, шу жумладан 7 та излов-қидирув қудуқларини бурғилаш;
- 67 та қудуқларда капитал таъмирлаш ва интенсификация ишларини амалга ошириш;
- 5 та технологик объектларни ишга тушириш, натижада 1,8 млрд куб метр табиий газ ва 15,8 минг тонна суюқ углеводородлар қазиб чиқариш режалаштирилган.

2023 йил январь ойининг бошидан Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармаси бўйича жами 3 та тадбир бажарилган, шулардан 2 та янги, яъни «Қуйи Сургил» 24 ва 26-сонли қудуқлар бурғилаш ишларидан ва «Шарқий Бердах» 5-сонли қудуғи капитал таъмирлашдан сўнг ишга туширилиб, кунлик табиий газ қазиб чиқаришни 850 минг куб метрга оширишга эришилган.