Tashkent INDEX’даги талабалар ОТМлар ётоқхоналарига нима сабабдан кўчирилаётгани маълум қилинди
Tashkent INDEX’даги талабаларнинг кўчирилиши тўғрисидаги хабарлар ижтимоий тармоқларда нотўғри талқин қилинмоқда, деб маносабат билдирмоқда Олий таълим, фан ва инновация вазирлиги.
Вазирлик Tashkent INDEX савдо мажмуасида талабаларга 2022/2023-ўқув йили бошида вақтинча туришлари учун шароит яратилгани, ўтган давр мобайнида аксарият ОТМлар томонидан талабалар турар жойларида қўшимча ётоқ ўринлари яратилиб, кўчиш истагини билдирган талабалар кўчириб ўтказилган. Бундан ташқари, Ўзбекистонда кузатилган совуқ кунларда мажмуа етарли шароитга эга эмаслиги сабаб, кўчириш ишлари олий ўқув юртлари талабалар турар жойларида кўпроқ қўшимча бўш ўринлари яратилиши, янги ётоқхоналар барпо этилиши ҳисобига жадаллашган. Шунингдек, вазирлик Tashkent INDEX’да қолишни хоҳловчи талабаларни мажбуран чиқариб юборилишига йўл қўймаслигини маълум қилган.
Маълумот учун, биргина Тошкент давлат иқтисодиёт университетида икки қаватли ётоқ ўрни ташкил этиш ҳисобига қўшимча 139 ўринли, Тошкент давлат педагогика университети томонидан Оқтепа педагогика коллежи талабалар турар жойида янги 300 ўринли жой яратилган. Шу каби бошқа олий таълим муассасалари ҳам ҳозирда ички имкониятдан келиб чиқиб, қўшимча ўринлар ҳозирлаган. Бундан ташқари, Тошкент давлат стоматология институтида 400 ўринга мўлжалланган янги ётоқхона қуриб, фойдаланишга топширилган.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил сентябрь бошида Ўзбекистондаги ОТМларда ўқувчи 211 минг нафар талабанинг турар-жойга эҳтиёжи борлиги хабар берилганди. Шунингдек, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги маънавий-маърифий ишлар бошқармаси бошлиғи Лазиз Мингишов 5 сентябрдан комиссия аъзолари талабаларни турар жой билан таъминлашни бошлашини маълум қилганди.
Кўп ўтмай пойтахтнинг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Янгиҳаёт туманида қурилган Tashkent INDEX савдо-ишлаб чиқариш мажмуаси ҳудудида бўш турган 10 минг ўринли тадбиркорлар биносини бир ҳафта муддатда давлат хусусий шериклик шартлари асосида талабалар учун турар жойга айлантириш таклифини берганди.