Қашқадарёда эр рашк сабаб хотинини «бензопила» билан ўлдирди
Қашқадарё вилояти Қарши туманида хотинини рашк қилган эркак унга «бензопила» (моторли арра) билан ўлдирди. Бош прокуратура Bugun.uz’га ушбу маълумотни тасдиқлади. Ҳодиса 25 январь куни соат 11:30 ларда Қарши туманида содир бўлган. Туманнинг «Тараққиёт» маҳалласида яшовчи 40 ёшли эркак яшаш уйида турмуш ўртоғи 36 ёшли аёл билан рашк сабабли ўзаро жанжаллашади. Жанжал давомида эркак моторли арра билан аёлнинг орқа елка ва бўйин аралаш соҳасига бир неча марта уриб, оғир тан жароҳати етказган. Оқибатда аёл шифохонада вафот этган.
Қарши туман прокуратураси томонидан эркакка нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. У Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.
Аввалроқ Фарғона шаҳрида ҳомиладор аёл рашк сабаб машина ичида ўзига ўт қўйгани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, Жиззахда 22 ёшли эркак хотини ва вояга етмаган ўғлини ўлдириб, ёқиб юборгани, Қашқадарёда эркак устига бензин сепиб, ўт қўйгани маълум бўлганди.
Бундан ташқари, Жиззахда эр хотинини пичоқлаб ўлдиргани, Фарғонада эркак боласининг кўз ўнгида хотинининг бошига болта билан бир неча марта ургани, Сирдарёда эркак 37 ёшли хотинини ғишт билан уриб ўлдиргани тўғрсида хабар берилганди.