Қашқадарёда савдо растаси ва банкомат ёниб кетди — видео
Қашқадарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Қарши шаҳри «Хўжахиёл» МФЙда жойлашган савдо растасида ёнғин содир бўлгани ҳақида маълумот берди. Қайд этилишича, 27 январь соат 23:58 ёнғин бўлаётгани тўғрисида шаҳар ФВБга мурожаат келиб тушган. Кўрсатилган манзилга 2 та ёнғин-қутқарув бўлинмаси 00:05 да етиб борган ва соат тахминан 00:33 да ёнғин тўлиқ ўчирилган.
Воқеа сабаб фуқаро Х.Б.га тегишли, енгил типда қурилган кичик ҳажмли савдо растасининг 6 метр квадрат ва унга ёндош «Қишлоққурилишбанк»га тегишли бўлган банкомат қурилмасининг 4 метр квадрат майдон қисми зарар кўрган. Ёнғиндан ҳеч ким жароҳат олмаган. Ҳозирда ҳодиса сабаби ва зарар миқдори аниқланмоқда.
Вилоят ФВБнинг қўшимча қилишича, мазкур ёнғин жойида катта кучланишли электр токи борлиги сабабли ёнғинга сув беришнинг имкони бўлмаган. Қутқарувчилар сув беришга уринган, оқибатда мавжуд электр токи қутқарувчиларга ўз таъсирини кўрсатган. Шу боисдан ушбу манзилдан ўтувчи электр линиясини асосий тармоқдан узиш учун электр мутахассислари томонидан қарийб 30 дақиқа вақт сарфланган.
Аввалроқ Бухорода икки қаватли савдо мажмуасида ёнғин содир бўлгани ва уни ўчиришга икки соат вақт кетгани, Фарғонада эса автомобиль «запчаст» бозорида ёнғин содир бўлгани ҳамда Андижонда юз берган ёнғинда бир оиланинг уч фарзанди ёниб кетгани ҳақида хабар қилинганди.