Қуддусдаги синагога ёнида содир бўлган отишмада 7 киши ўлдирилган ва 10 киши яраланган
Шарқий Қуддусдаги яҳудийлар истиқомат қиладиган туманда содир бўлган отишма оқибатида етти киши ҳалок бўлди, яна 10 киши яраланди. Бу ҳақда The Jerusalem Post хабар берди. Исроил ОАВлари содир бўлган воқеани теракт дея атамоқда.

Нашрнинг ёзишича, ҳужум уюштирган шахс синагогадан чиқаётган одамларни ўққа тутган, яширинишга уринган вақтида полиция томонидан ўтиб ўлдирилган. Ҳужум уюштирган шахс билан боғлиқ ҳеч қандай маълумотлар йўқ.
ҲАМАС вакили Хазем Касеемнинг Reuters агентлигига маълум қилишича, содир бўлган воқеа Исроил томонидан Женин шаҳрида ўтказилган рейдда бир неча фаластинликнинг ўлдирилганига жавоб ҳисобланиши, бироқ ҲАМАСнинг ушбу отишмага алоқаси йўқлигини маълум қилган. Полиция комиссари Яков Шабтай воқеа жойига етиб келган. Унинг сўзларига кўра, туманда бошқа террорчилар ҳам бор бўлиб, ҳозирда текширув ишлари амалга оширилмоқда. Бош вазир Биньямин Нетаньяху ҳолат бўйича хабардор қилинган.