Тошкент ҳокими вазифасини бажарувчи Бахтиёр Раҳмонов Ободонлаштириш бош бошқармаси бошлиғини ишдан олди
Тошкент шаҳри ҳокимлиги ҳузуридаги Ободонлаштириш бош бошқармаси бошлиғи Анвар Умаров «ўз хоҳишига кўра» эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда пойтахт ҳокими вазифасини бажарувчи Бахтиёр Раҳмоновнинг 27 январдаги қарорида келтирилган. Ҳоким в. б. бошқарманинг моддий бойликларини инвентаризациядан ўтказиб, қабул қилишни ташкил этиш бўйича топшириқ берган.

Фото: Ижтимоий тармоқ
Анвар Умаров ушбу лавозимда 2021 йилнинг ноябрь ойи охиридан бери ишлаб келаётганди. Бунгача у президент қарори билан аҳолини электр ва газ билан таъминлашдаги инқироз туфайли ишдан олинган собиқ ҳоким Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ёрдамчиси бўлиб ишлаган.
Аввалроқ Бахтиёр Раҳмонов аввалроқ собиқ ҳокимнинг ёрдамчиси сифатида фаолият юритган ва унга энг яқин одамлардан бири бўлган Музаффар Абдураҳмоновни ишдан олганди.
Президент Шавкат Мирзиёев 16 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда Тошкент шаҳри ҳокимининг истеъфога чиқишини маълум қилган эди. «Қиш мавсумига лозим тайёргарлик қилмагани учун Тошкент шаҳри ҳокими Ортиқхўжаевни кечаси штабда ишдан олдим. Қуруқ гап билан, ёлғон ‘сводкаʼ билан пастга тушмагани учун, ноинсоф, оёғи ердан узилгани учун уни ишдан олдим», — деган давлат раҳбари. Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи, бош прокурор ўринбосари Эркин Йўлдошев шаҳар прокурори этиб тайинланган. Президент Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратурага бугун лавозимидан озод этилган мутасаддиларнинг фаолиятини ўрганиш ва қонун бузилишлари аниқланган тақдирда, қатъий жавобгарликка тортишни топширган.