Тошкентда «аёлларнинг кўчада юриш қоидалари» ҳақида видео тайёрлаган блогерлар жавобгарликка тортилди
Тошкентда аёлларнинг кўчада юриш қоидалари тўғрисида маслаҳатлари тасвирланган видеони ижтимоий тармоқларга жойлаштирган икки блогер маъмурий жавобгарликка тортилди, деб хабар беради пойтахт ИИББ ахборот хизмати.

Январь ойида ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида яшовчи 1991 йилда туғилган Х.Д. ва 1989 йилда туғилган И.О. томонидан «Аёл кишининг кўчага чиқиш одоблари…» номли видеолавҳа тарқатилиб, унда бу шахслар диний мазмунда аёлларнинг кўчага чиқишга оид турли номақбул чекловларини баён қилганлари акс этган. Хусусан, блогерлар аёллар уйдан эркаклар рухсати билан чиқиши мумкинлиги ва фақат зарурат туғилганда кўчага чиқаётганда ҳижоб ўраши ва атир-упа ишлатмасликлари, эркаклар кўп бўлган жойларга бормасликлари кераклигини айтган.
Ҳолатни ўрганиш мақсадида Х.Д. ва И.О.26 январь куни Тошкент шаҳар Юнусобод тумани ИИО ФМБга таклиф этилган. Ўтказилган суҳбат давомида аёлларнинг кўчага чиққанида ўзларини қандай тутиши, одоби, бегона шахслар билан қандай муносабатда бўлишлари ҳақида ўз ташаббусларига кўра шахсий диний қарашларидан келиб чиққан ҳолда муносабат билдирганликлари маълум бўлган.
Суҳбат давомида уларга «Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги қонунда жинс бўйича билвосита камситиш, яъни бир жинсдаги шахсларни бошқа жинсдаги шахсларга нисбатан ноқулайроқ ҳолатга тушириб қўядиган вазиятларни, ҳолатларни ёки мезонларни яратиш, шу жумладан, гендер тенгсизликни оммавий ахборот воситалари, таълим, маданият орқали тарғиб этиш, муайян жинсдаги шахслар учун салбий оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган шарт-шароитлар ёхуд талаблар белгиланишига йўл қўйилмаслигини билдирган.
Ушбу қонуннинг 29-моддасида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик белгиланган.
«Шундай экан, турмушда ва жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларига риоя этишда инсонлар ўзларининг диний ва аҳлоқий қарашлари орқали бошқаларга баҳо бериши ёки бошқача кўринишда шахсий ҳаётига аралашиши мумкин эмас. Ушбу тартибга қарши ҳар қандай инсонларнинг ҳаракати қонун асосида қатъий таъқиб қилинади», — дейилади хабарда.
«Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонуннинг 10-моддасига биноан, мамлакат ҳудудида диний мазмундаги материалларни тайёрлаш ва тарқатиш диншунослик экспертизасининг ижобий хулосаси олинганидан кейин амалга оширилади.
Шу муносабат билан, ушбу фуқаролар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 184-2-моддаси (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш)га асосан маъмурий жавобгарликка тортилган. Ушбу модда билан жавобгарликка тортилган фуқаролар 30 миллион сўмгача жаримага тортилиши мумкин.