Тошкентда йўловчи автобусида ёнғин содир бўлди — видео
Тошкент шаҳар Яккасарой туманида 28 январь куни соат 10:52 да ҳаракатланиб кетаётган Mersedez-Benz русумли ўйловчи ташишга мўлжалланган автобусда ёнғин содир бўлди. Дастлабки маълумотга кўра, ҳайдовчи автобуснинг мотор қисмида носозлик юзага келганлиги сабабли, йўловчиларни автобус салонидан тушириб, носоз автобусни филиалга қайтариш учун йўловчиларсиз ҳаракатланаётган вақтда, автобуснинг двигатель қисмида ёнғин келиб чиққан.
Натижада ёнғин қутқарув бўлинмалари воқеа жойига соат 10:57 да етиб бориб, соат 11:04 да ёнғин тўлиқ бартараф этилган. Ҳодиса оқибатида жароҳат олган ёки ҳалок бўлган фуқаролар йўқ.
Ҳозирда «Тошшаҳартрансхизмат» ишлаб чиқариш техник бўлими ходимлари томонидан хизмат текшируви олиб борилмоқда. Автобус таъмирланиб, тез кунларда йўналишга чиқарилади. Маълумот учун, ушбу автобус 2013 йилда ишлаб чиқарилган бўлиб, 743 минг километр масофани босиб ўтган.