Қизларни ўлдириш билан таҳдид қилган Тошкент вилоятидаги масжид имом-хатиби лавозимидан озод этилди
Ëш қизларни ўлдириш билан таҳдид қилган Тошкент вилоятидаги «Эшонхўжа ота» масжиди имом-хатиби Авазхўжа Баҳромов иши юзасидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ички назорат комиссияси йиғилишида унинг хатти-ҳаракатлари муҳокама қилинди. Идоранинг хабар беришича, имом-хатибнинг мазкур хатти-ҳаракатлари ички меъёрий ҳужжатларда белгиланган «фуқаролар билан мулоқотда хушмуомала, вазмин ва самимий муносабатни намойиш қилиш», ва «ўзининг хатти-ҳаракати ва ахлоқи туфайли жамоатчиликнинг танқидига учрамаслик чораларини кўриш» бандларининг қўпол равишда бузилишига сабаб бўлган.
«Бундай шахсларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида ўрин йўқ. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон мусулмонлари идораси диний соҳа ходимларини жамиятда ўзини тутиши, одамлар билан муносабатда намуна кўрсатиши, имомлик мақомига муносиб бўлиши борасида мунтазам тушунтириш ишларини олиб боради. Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан аввал ижрога йўналтирилган норматив ҳужжатларда ҳам имом-хатиб тасдиқланган меъёрий ҳужжатларга амал қилиши ва меҳнат мажбуриятларига риоя этиши қатъий белгилаб қўйилган эди», — дейилади идора хабарида.
Шунингдек, Авазхўжа Баҳромов араб тили ўқув курсларида дарс бериши тўғрисида Ўзбекистон мусулмонлари идорасини хабардор этмагани маълум бўлган. Ички назорат комиссия хулосасига кўра, Тошкент вилояти Тошкент тумани «Эшонхўжа ота» масжиди имом-хатиби Авазхўжа Баҳромов эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. Авазхўжа Баҳромовга нисбатан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар томонидан ҳам суриштирув ишлари олиб борилмоқда.