Қорақалпоғистондаги кўп қаватли уйда газ портлади — видео
Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида 29 январь куни соат 16:15 атрофида «Темир жол» МФЙда жойлашган 4 қаватли уйда ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши натижасида портлаш содир бўлди, дея хабар берди Ўзбекистон фавқулодда вазиятлар вазирлиги.
Воқеа жойида Фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарувчилари ҳамда Фавқулодда вазиятлар давлат тизимига кирувчи ташкилотлар ходимлари томонидан ҳодиса оқибатларини бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда. Қорақалпоғистон соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълум қилишича, чақнаш оқибатида 2003 йил ҳамда 2004 йилда туғилган болалар куйиш тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган.
«Воқеа сабабларини ўрганиш ишлари давом этмоқда. Ҳодиса жойида аҳоли саломатлиги ҳақида қўшимча маълумот берамиз», — дейилади Қорақалпоғистон ССВ хабарида.
Шунингдек, воқеа жойига Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг раиси Аманбай Оринбаев ҳамда Вазирлар Кенгаши раиси Фарход Эрмановлар ҳам етиб борган.