Нукусдаги портлаш қурбонлари сони 5 нафарга етди
Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳридаги кўп қаватли уйларнинг бирида газ портлагани хабар қилинганди. Gazeta.uz’нинг ёзишича, вайроналар остидан жасади қутқарувчилар томонидан топилган эркакнинг шахси аниқланган.

Марҳумнинг яқинларига кўра, у 1980 йилда туғилган Саламат Разиев бўлиб, учинчи қават 30-квартирада яшаган, портлаш эса юқори қаватда — 32-квартирада содир бўлган.
Саламат Разиев ногирон бўлиб, 10 йилдан ортиқ вақт давомида даволаниб келаётган эди. Шанба куни у касалхонадан уйига қайтган. Бу портлаш содир бўлишидан бир соат олдин рўй берган. Воқеадан кейин телефон қўнғироқларига жавоб бермагани учун яқинлари уни том қулаши оқибатида вафот этган деб тахмин қилган.
«У ерда омон қолишнинг имкони деярли йўқ эди. Ҳамма қаватлар пастга қулаб тушган», — дейди Саламат Разиевнинг қариндоши. Дафн маросими 31 январь куни бўлиб ўтади.
Шунингдек, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳолат юзасидан тақдим этган қўшимча маълумотига кўра, вайроналар остида қолиб ҳалок бўлганлар сони 5 нафарга етган.

Эслатиб ўтамиз, 29 январь куни соат 16:15 да Нукус шаҳри «Темир жол» МФЙдаги 4 қаватли уйнинг тўртинчи қаватида жойлашган хонадонларнинг бирида ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши содир бўлганди. Юзага келган кинетик зарба сабаб бино конструкцияларига шикаст етган.
30 январь куни соат 02:30 да қутқарувчилар томонидан турли даражадаги жароҳатлар билан вайроналар остида қолиб кетган 5 ёшли қизалоқ чиқариб олиниб, тиббий ёрдам кўрсатиш учун шифохонага юборилган. Шунингдек, орадан 30 дақиқа ўтиб, бино конструкциялари орасидан бир нафар фуқаронинг жасади топилган.
«Эрта тонгга келиб, вайроналар остидан яна 4 нафар фуқаронинг жасади топилиб, жами ҳалок бўлганлар 5 нафарга етган. Воқеа жойида фавқулодда вазиятлар вазири бошчилигида ҳодиса оқибатларини бартараф этиш ишлари давом этмоқда», — дейилади хабарда.
Мазкур ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.