«Ўзбекистонга АИ-80 импорт бензини Россия ва Қозоғистондан олиб келинмоқда» — «Ўзбекнефтгаз»
Ўзбекистонда 2022 йил декабрь ва 2023 йил январь ойларида об-ҳаво ҳарорати кескин совуб кетиши ва бунинг ортидан автомобилларга газ қуйиш шоҳобчалари фаолиятига киритилган чекловлар сабаб Аи-80 русумли автобензинига бўлган талаб таклифга нисбатан кескин ошишига олиб келди, шоҳобчаларида тақчиллик ҳамда тирбандликларни вужудга келтирди, деб ёзади «Ўзбекнефтгаз» матбуот хизмати.

Қайд қилинишича, «Ўзбекнефтгаз» Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида ишлаб чиқарилаётган маҳаллий маҳсулот билан бир қаторда, тайёр маҳсулотларни импорт қилишни йўлга қўйган. Хусусан, январь ойида Россиянинг «Газпром», «Татнефть», «ОРСКНЕФТЕОРГСИНТЕЗ» каби компаниялари билан 50 минг тонна, тадбиркорлик субъектлари томонидан 5 минг тонна АИ-80 русумидаги автобензини импорти бўйича шартномалар тузилган. Ҳозирда бензин маҳсулотини Ўзбекистонга етказиб келиш ва ички бозорга сотиш чоралари кўрилмоқда. Маълумот ўрнида, Россия, Қозоғистон, давлатларида АИ-80 русумли автобензин ишлаб чиқариш тўхтатилган, ва ушбу турдаги бензи фақатгина тадбиркорлар буюртмаси асосида ишлаб чиқарилмоқда. Ишлаб чиқарилган бензиннинг сифати асосан АИ-80 К2, К5 русумли автобензин талабларига мос келади.
«Ҳисоб-китобларга кўра, маҳсулотни республика ҳудудига темир йўл транспорти орқали етказиб бериш ва бошқа харажатларни инобатга олган ҳолда, товар хомашё биржасида сотиш учун қўйиладиган бошланғич нархи бир тоннаси учун 7 084 минг сўмни, АЁҚШларда истеъмолчиларга сотиладиган якуний нархи эса бир литри учун 6 000-6 200 сўмни ташкил этмоқда», — дейилади «Ўзбекнефтгаз» хабарида.
Маълумот учун, «Ўзбекнефтгаз» тасарруфидаги «Бухоро НҚИЗ» МЧЖда АИ-80 русумли автобензини ишлаб чиқариш қувватларидан 130-140 фоиз (кунлик автобензин ишлаб чиқариш хажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2 750 тоннадан 3 300 тоннага оширилган) даражада фойдаланилмоқда.