Қизларни ўлдириш билан таҳдид қилган масжид имом-хатиби уч суткага қамалди
«Эшонхўжа ота» масжиди имом-хатиби Авазхўжа Баҳромовга нисбатан 3 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган, деб хабар бермоқда ЎзА.
Аввалроқ ёш қизларни ўлдириш билан таҳдид қилган Тошкент вилоятидаги «Эшонхўжа ота» масжиди имом-хатиби Авазхўжа Баҳромов иши юзасидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси ички назорат комиссияси йиғилишида унинг хатти-ҳаракатлари муҳокама қилингани ҳақида хабар берилганди. Таҳдид қилиш орқали имом-хатиб ички меъёрий ҳужжатларда белгиланган «фуқаролар билан мулоқотда хушмуомала, вазмин ва самимий муносабатни намойиш қилиш» ва «ўзининг хатти-ҳаракати ва ахлоқи туфайли жамоатчиликнинг танқидига учрамаслик чораларини кўриш» бандларининг қўпол равишда бузганини маълум бўлганди. Ички назорат комиссия хулосасига кўра, Тошкент вилояти Тошкент тумани «Эшонхўжа ота» масжиди имом-хатиби Авазхўжа Баҳромов эгаллаб турган лавозимидан озод этилганди.
Мавзуга доир: Қизларни ўлдириш билан таҳдид қилган Тошкент вилоятидаги масжид имом-хатиби лавозимидан озод этилди
Маълумот ўрнида, бир муддат аввал ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятидаги «Эшонхўжа ота» масжиди имом-хатиби Авазхўжа Баҳромов араб тилини ўрганаётган 16 ёшли қизлар билан қўпол гаплашаётгани ва «жонини олишини» айтиб таҳдид қилган аудиоси тарқалганди.