Қорақалпоғистонда бир нафар боланинг ўлимига ва унинг акасини заҳарланишига нима сабаб бўлгани маълум қилинди
Нукус шаҳрида икки нафар бола «Hot Lunch»дан заҳарлангани, болаларнинг бири вафот этгани ва яна оғир аҳволда касалхонага ётқизилгани ҳақида хабар берилганди. Санитария-эпидемиология хизмат мазкур ҳолатга муносабат билдирди.
Қайд этилишича, 25 январь куни бемор Б.Б.нинг оғзаки кўрсатмасига кўра тушликда укаси М.А. билан бирга уйига яқин жойдаги озиқ-овқат дўконидан тез тайёрланадиган лапша маҳсулотини сотиб олиб, тайёрлаб истеъмол қилган. Лапша маҳсулотини тайёрлаш жараёнида маҳсулотда айниш белгилари, ўзга ёт ҳид ва таъм сезилмаган.
Ўша куни 17:00—18:00 ларда Б.Б. уйида 1-1,5 йилдан буён сақланиб турган, номи ва ишлаб чиқарувчиси ҳамда сотиб олган жойи номаълум 500 граммга яқин селофан пакетда сақланиб турган, кукун кўринишидаги кемирувчиларга қарши дори билан уй атрофи, ошхона ва битта хонага сепиб чиққан. Кемирувчиларга қарши дорини сепиш вақти ва сепганидан сўнг хоналарда ўткир ҳид сезилган.
26 январь куни соат М.А. 07:00—08:00 ларда, Б.Б соат 09:30-10:00 ларда қайд қила бошлаган. Белгилар ўтиб кетмагандан сўнг тушлик вақтида тез ёрдам чақирилган. Лекин ота-онаси томонидан уйда даволаниш маъқул кўрилган. М.А. ва Б.Б. қайд қилишга қарши дорилар қабул қилган. Ўша куни тунги соат 23:00—00:00лар атрофида М.А. ва Б.Б. такрорий қайд қила бошлаган. 27 январь куни соат 06:00—07:00 ларда тез ёрдам чақириб, Республика болалар юқумли касалликлар шифохонасига юборилган. Лекин беморларнинг касаллик белгилари юқумли касалликлардан бўлмагани сабабли Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Қорақалпоғистон филиалига юборилган.
Шифокорлар томонидан беморларга «Фосфорорганик бирикмалардан ўткир заҳарланишнинг оғир ва ўрта оғир даражаси» бирламчи ташхиси қўйилган. М.А. келгандаги аҳволи оғир ҳолатда, реанимацион чора-тадбирлар олиб борилишига қарамасдан беморда 27 январь соат 09:24 да биологик ўлим қайд қилинган. Фуқаро Б.Б. нинг аҳволи қониқарли бўлиб, соғлиги шифокорлар назоратига олинган.
«Юқоридаги ҳолат бўйича такрорий мурожаатлар бўлмаган ва профилактик ишлар давом эттирилмоқда», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилояти Олтиариқ туманидаги 13-сонли давлат мактабгача таълим массасасининг 20 нафардан ортиқ тарбияланувчиси овқатдан заҳарланиб, шифохонага ётқизилганди. Шунингдек, Тошкент вилоятидаги боғчада болалар оммавий заҳарлангани юзасидан 6 кишига айблов эълон қилингани, Тошкент вилоятидаги боғчада болалар оммавий заҳарлангани юзасидан қўшимча маълумот берилгани, бош прокурор ҳолатни назоратга олгани ва заҳарланган уч нафар бола ўрта оғир аҳволда экани хабар қилинган.