Шавкат Мирзиёев ва Ўзбекистон ҳукумати Ислом Каримовни хотирлади
Шавкат Мирзиёев 30 январь куни Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига ташриф буюриб, биринчи президент ҳайкали пойига гулчамбар қўйди.

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, шунингдек, Олий Мажлис палаталари, Президент Администрацияси ва ҳукумат вакиллари, илм-фан ва маданият намояндалари, зиёлилар ҳам биринчи президент хотирасига ҳурмат кўрсатган.
«Эл фидойиларини унутмаслик, яхши ишларини эслаш ва қадрлаш миллатнинг миллатлигини кўрсатадиган жиҳат. Бу кейинги авлодлар учун ҳам ибрат, ҳам фазилатдир. Маросимда ана шундай эҳтиром намоён бўлди. Қуръон оятлари ўқилиб, дуо қилинди. Биринчи Президентимизнинг мамлакатимиз манфаати йўлидаги тарихий ишлари, олижаноб хислатлари ёдга олинди», — дейилади хабарда.
Шу билан бирга, Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов номидаги Илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасига ташрифи чоғида биринчи президент музейини ташкил этиш ишлари билан ҳам танишди.


Бундан ташқари, Ислом Каримовнинг Самарқанд ва Қарши шаҳарларидаги ҳайкаллари пойига ҳам гуллар қўйилди.