Сурхондарёдан топилган айиқ боласи Тошкент ҳайвонот боғига олиб келинди
Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги «Узун» давлат ўрмон хўжалиги ҳудудидан топилган онасидан ажралиб қолган 1 дона қўнғир айиқ боласи Тошкент ҳайвонот боғига олиб келинди.

Тошкент ҳайвонот боғи маъмуриятининг таъкидлашича, «Қизил китоб»га киритилган очлик сабабли айиқчанинг ҳаёти хавф остида бўлган.
«Айиқчанинг вазни жуда оз. Улар одатда қишки уйқуга кетишдан олдин, кўкламга етиб олишга имкон берувчи қалин ёғ қатламини тўплаши лозим экани инобатга олинса, айиқча омон қолмаслиги мумкин эди», — дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, шу сабаб жонивор ҳайвонот боғидаги реабилитация марказига ўтказилган ҳамда мутахассислар томонидан назоратга олинган. Айни пайтда унга қулайлик яратиш учун барча имкониятлар ишга солинаётгани маълум қилинган.
Аввалроқ Тошкент аэропортидан ҳайвонот боғига жўнатилган тимсоҳча ва 6 бош буқаламун нобуд бўлгани, Қорақалпоғистонда «Қизил китоб»га киритилган кийиклар отиб кетилгани ҳақида хабар берилганди.