UNESCO’да Ўзбекистон маданий мероси тақдим этилди
UNESCO бош қароргоҳида Oriental Fashion Show 2023 тадбири иштирокчиларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди, деб хабар беради «Дунё» агентлиги.

Мазкур тадбир доирасида Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси ва UNESCO’даги доимий ваколатхонаси томонидан Route De La Soie Et Al-Andalus уюшмаси билан ҳамкорликда мамлакат бой маданий мероси ва сайёҳлик салоҳиятига бағишланган видеоролик тақдим этилган. Унда, хусусан, Самарқанднинг диққатга сазовор жойлари, номоддий маданий мероснинг ноёб элементи бўлган сўзананинг яратиш технологияси, шунингдек, Париж мода ҳафталиги доирасида ўтказилган Oriental Fashion Show 2023 кўргазмасида 24-25 январь кунлари муваффақиятли намойиш этилган ўзбек дизайнерларининг коллекциялари ҳақида ҳикоя қилинган.
Oriental Fashion Show 2023 кўргазмаси ташкилотчиси, Route De La Soie Et Al-Andalus уюшмаси президенти Ҳинд Жоудар Ўзбекистон шаҳарлари бўйлаб қилган саёҳати чоғида ўзбек маданияти ва анъаналарининг ранг-баранглиги ва бетакрор гўзаллиги унда катта таассурот қолдирганини таъкидлаган.
«Oriental Fashion Show кўргазмасини Ўзбекистонга олиб бориш ва Самарқанд марказидаги Регистон майдонида ушбу муҳташам тадбирни ташкил этиш менинг энг эзгу орзумдир», — деган Ҳинд Жоудар.
Oriental Fashion Show Шарқ мамлакатлари модаси ва тикувчилик маҳоратига бағишланган дунёдаги биринчи халқаро кўргазмадир. 2004 йилдан бери Парижда ўтказиб келинаётган навбатдаги кўргазмада 60 мамлакатдан 120 дан ортиқ модельерлар тўпламлари намойиш этилган. Анжуман ташкилотчилари кўргазма намойишларини Париж, Лондон, Милан, Нью-Йорк, Москва, Санкт-Петербург, Истанбул, Боку, Қувайт, Доҳа, Марокаш, Дубай ва дунёнинг бошқа шаҳарларида мунтазам тарзда уюштириб келади.
Мавзуга доир: Насриддин Афанди ҳақидаги латифалар UNESCO’нинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилди
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ UNESCO’нинг моддий ва номоддий маданий мероси рўйхатига Ўзбекистондан қанча объект киритилигани ҳақида маълумот берилганди. Шунингдек, Ўзбекистон UNESCO’нинг номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш бўйича ҳукуматлараро қўмитасига аъзо бўлганди.