Вазирлар Маҳкамаси сел ва сув тошқинларига боғлиқ фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш бўйича йиғилиш ўтказди
Вазирлар Маҳкамасида бош вазир Абдулла Арипов раислигида юзага келиши мумкин бўлган сел оқимлари, тошқинлар ва кўчки ҳодисалари билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича устувор вазифлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда ҳукумат матбуот хизмати ходими Бекзод Ҳидоятов маълум қилди.
«Ўзгидромет»нинг маълумотига кўра, шу ҳафтадан ҳаво ҳарорати кундузи +10 даражагача ва кечалари +3 даражагача кўтарилади. Ҳатто, тоғ олди ва тоғли ҳудудларда 2-7 даража илиқ бўлиши кутилмоқда.
«Ҳаво ҳароратининг кўтарилиши – қор ва музлар эришини тезлатиб, сел, кўчки ва сув тошқинлари юзага келиши эҳтимолини янада кучайтиради», — дейилади хабарда.
Йиғилишда мавжуд ҳолат ҳудудлар кесимида чуқур таҳлил қилиниб, юзага келишим мумкин бўлган салбий ҳодисаларни олдини олиш ва бартараф этиш юзасидан тегишли вазирлик ва идоралар ҳамда ҳокимликлар раҳбарларига топшириқлар берилган.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига асосан сел оқимлари, тошқинлар ва кўчки ҳодисалари билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича доимий штаб ташкил этилган. Тошқинга қарши ҳукумат ҳамда ҳудудий комиссиялар тузилган ва уларнинг асосий вазифасилари белгиланган. Вазирлар Маҳкамасида ўтган йиғилиш баёни билан ушбу Комиссия аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳудудларига бириктирилган.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг июнида Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида жойлашган Тўпаланг сув омборидан сув тошиб чиққанди. Ундан олдинроқ эса кучли ёғингарчилик сабаб Сирдарёдаги шаҳарчани сув босгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, ўша ойнинг ўзида Жиззах вилояти Зомин туманининг айрим ҳудудларида кузатилган эди. Ноябрь ойида эса Навоий вилоятида кучли ёғингарчилик оқибатида юзага келган сел кўприкка зарар етказганди.