Чорвоқдаги икки қаватли уйда газ портлади
Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Чорвоқ қўрғонида жойлашган уйлардан бирида газ портлади, деб хабар беради ФВВ матбуот хизмати.
Қайд этилишича, 30 январь куни Чорвоқ қўрғонидаги 2 қаватли уй хонадонларидан бирида газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши содир бўлган. Юзага келган кинетик зарба оқибатида хонадон девор ва шифтига шикаст етган.
Воқеа жойига туман Фавқулодда вазиятлар бўлими қутқарувчилари етиб борган. Чақнаш сабабли 4 нафар фуқаро турли даражада жароҳат олиб, шифохонага ётқизилган.
Ҳодиса жойига вилоят ФВБ раҳбарияти, ИИБ, ССБ, прокуратура ҳамда «Ҳудудгазтаъминоти» ходимлари борган. Ҳозирда дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Мавзуга доир: Қорақалпоғистонда Солиқ инспекциясига тегишли ошхона портлаши оқибатида бир киши ҳалок бўлди
Аввалроқ Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳридаги кўп қаватли уйларнинг бирида газ портлаши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 5 нафарга етгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Андижон шаҳридаги 4 қаватли уйда жойлашган хонадонларнинг бирида 30 январь куни газ-ҳаво аралашмасининг чақнаш содир бўлгани, Фарғона шаҳридаги 41-мактаб ва 63-боғчанинг умумий иситиш козонхонаси портлагани, Бухоро вилоятида газ портлаши оқибатида иккинчи синф ўқувчиси вафот этгани хабар қилинганди.