«Нукус воқеалари»да айбланган Каллихонова, Турданов, Сметуллаев ва Нуратдинов суд залидан озод этилди
Бухоро вилоятида ўтказилган биринчи инстанция суди Жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон суди судьяси Элубай Абибуллаев раислигида 31 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда 22 нафар судланувчига нисбатан ҳукм эълон қилинди. Жумладан, Лолагул Каллихонова, Азамат Турданов, Ахмет Сметуллаев ва Азамат Нуратдинов озодликни чеклаш билан боғлиқ жазога тортилди. Суд қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини бекор қилди. Улар суд залидан озод қилинди.

Лолагул Каллиханова Жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 4-қисми, 244-моддаси 3-қисми ва 244-1-моддаси 3-қисми “а”, “б”, “г” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилиб, 59-моддаси тартибида 8 йил озодликдан махрум қилиш жазосига судланиб, 62-моддасига асосан дастлабки қамоқда ўтирган 6 ой 24 куни тайинланган жазодан чегирилиб, ўташ учун 7 йил 5 ой 6 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси қолдирилиб, Жиноят кодекси 72-моддаси қўлланилиб, жазо 3 йил синов муддати билан шартли деб белгиланиб, суд залида қамоқдан озод қилинган.
Азамат Нуратдинов Жиноят кодексининг 244-моддаси (Оммавий тартибсизликлар) 3-қисми ва 244-1-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, дастлабки қамоқда ўтириган 6 ой 13 куни чегирилиб, ўташ учун 4 йил 5 ой 17 кун;
Ахмет Сметуллаев Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-қисми билан айбсиз деб топилган ва оқланган. Жиноят кодексининг 244-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, дастлабки қамоқда ўтириган 6 ой 22 куни чегирилиб, ўташ учун 4 йил 5 ой 8 кун;
Азамат Турданов Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-қисми билан айбсиз деб топилган ва оқланган. Жиноят кодексининг 244-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, дастлабки қамоқда ўтириган 6 ой 25 куни чегирилиб, ўташ учун 4 йил 5 ой 5 кун озодликни чеклаш жазосига судланди.
Озодликни чеклаш жазосига судланган Азамат Нуратдинов, Ахмет Сметуллаев ва Азамат Турданов суд залида қамоқдан озод қилинган.
Аввалроқ Human Rights Watch Ўзбекистонни Нукус воқеаларида бўлгани каби ўлим ва оғир жароҳатларнинг олдини олиш мақсадида оломонни назорат қилиш учун шовқин ва тутун чиқарувчи гранаталар қўлланиш тартибини зудлик билан қайта кўриб чиқишга ва уларни ИИО ходимлари жиҳозлари қаторидан четлаштиришга чақирганди.
Мавзуга доир: Нукус воқеаларида «КамАЗ»и ёқиб юборилган эркак 966 млн сўмлик зарар қопланишини сўрамоқда
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Нукус воқеалари иштирокчиларига нисбатан айблов хулосаси эълон қилинганди. Айбланаётганлар ичида Нукус олимпия заҳиралари коллежи собиқ директори ҳам борлиги хабар қилинган. Шунингдек, суд қилинаётганлар орасида ИИБ бўлим бошлиғи ҳам бўлганлиги маълум бўлган.