АҚШда газ плиталаридан фойдаланиш бутунлай тақиқланиши мумкин
АҚШда газ плиталаридан фойдаланишни тақиқлаш масаласи мамлакат президенти даражасида муҳокама қилинмоқда. Бунга Истеъмол товарлари хавфсизлиги бўйича комиссиянинг баёноти сабаб бўлди, деб хабар беради Bloomberg.
Қайд этилишича, 9 январь куни АҚШ Истеъмол товарлари хавфсизлиги комиссияси мамлакатда газ плиталардан фойдаланишни тақиқлаш масаласини кўриб чиқаётганини маълум қилган. Комиссия вакили Ричард Трумка буни шу турдаги қурилмалар бино ҳавосини ифлослантириши ва натижада респиратор касалликлар ҳамда соғлиқ билан боғлиқ бошқа муаммоларни келтириб чиқариши мумкинлиги билан боғлаган.
«Хавфсиз қилишнинг имкони бўлмаган маҳсулотлар тақиқланиши мумкин», — деган у.
Трумканинг баёноти ижтимоий тармоқларда кўплаб норозиликларга сабаб бўлди, жумладан, америкалик сиёсатчилар томонидан ҳам. Сенатор Жо Манчиннинг ёзишича, «федерал ҳукумат Америка оилаларига тушликни қандай тайёрлашни ўргатишга ҳақли эмас», газ плитаси бўлса — «уларнинг уйини тарк этадиган охирги нарса».
Вакиллар палатасининг Техасдан сайланган аъзоси Ронни Жексон ҳеч қачон газ плитасидан воз кечмаслигини, агарда «Оқ уйдаги маньяклар» уйига келса, уни фақатгнина сиёсатчини ўлдиргач, олиб кетиши мумкинлигини айтган.
Маълумот учун, АҚШда уй хўжаликларининг 38 фоизи газ плитасидан фойдаланади, алоҳида штатларда бу кўрсаткич юқори, масалан, Калифорния ва Нью-Жерсида — 70 фоизгача.
Оқ уй матбуот котиби Карин Жан Пьер журналистларга Жо Байден газ плиталарининг тўлиқ тақиқланишини қўллаб-қувватламаслигини маълум қилган, Истеъмол товарлари хавфсизлиги комиссиясининг ҳам бундай режаси йўқ — бунинг устида комиссия президентдан мустақил иш кўради.