Ўзбекистонда 2022 йилда 3 мингдан ортиқ мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилгани маълум бўлди
Ўзбекистонда 2022 йил давомида жами 2 965 та жиноят иши бўйича 3 116 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, жинояти фош қилинган мансабдор шахсларнинг 110 нафари республика, 264 нафари вилоят ва 2 742 нафари туман (шаҳар) миқёсидаги вазирлик, идора ва ташкилотларда фаолият юритган.
Жиноий жавобгарликка тортилган мансабдор шахсларнинг 2 103 нафари — ўзганинг мулкини ўзлаштириш ва растрата йўли билан талон-торож қилиш,
- 265 нафари — мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш,
- 243 нафари — фирибгарлик,
- 169 нафари — порахўрлик,
- 51 нафари — мансаб сохтакорлиги,
- 22 нафари — мансабга совуққонлик билан қараш,
- 14 нафари — мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш,
- 249 нафари — бошқа жиноятларни содир этган.
Мансабдор шахсларнинг жиноятлари оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 1 триллион 12 миллиард сўм миқдорида моддий зарар етказилган бўлиб, тергов жараёнида ушбу зарарнинг 847 миллиард сўми ундирилган.
Аввалроқ Самарқандда 250 га яқин мансабдор жавобгарликка тортилгани, собиқ Спорт вазирлигининг мансабдор шахсларига жиноят иши қўзғатилгани, Ўзбекистонда тадбиркорлик ҳуқуқларини бузган 1300 нафардан ортиқ мансабдор маъмурий жавобгарликка тортилгани, Сузиш федерацияси мансабдорлари 1 млрд сўмни талон-торож қилгани тўғрисида хабар берилганди.
Мавзуга доир: Ўзбекистонда меҳнат қонунчилигини бузган мансабдорлар 12 млрд сўмдан ортиқ жаримага тортилди
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд ва Тошкент вилоятларида имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштириш ҳолатлари аниқланганди. Шунингдек, Навоийда 156 млн сўм имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштирган иш юритувчи аниқланган.