«Ўзбекнефтгаз» ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар бўйича муносабат билдирди
«Ўзбекнефтгаз» ижтимоий тармоқларда имиджига салбий таъсир қиладиган маълумотлар тарқатилгани, мақолалар тухмат, ташкилот раҳбари шахсини ҳақорат қилиш ва ташкилот имиджига путур етказишга ҳаракатлари кузатилаётгани ҳақида маълум қилди.
Жамиятда Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигида ғазначилик тизими жорий қилинди, комплаенс назорат механизми яратилди, харидлар жараёни устидан кўп босқичли назорат тизими ўрнатилди ҳамда жамият фаолиятини рақамлаштириш орқали инсон омилини кескин камайтириш бўйича ижобий натижаларга эришилди. Тизимда коррупцияга қарши курашиш, комплаенс назорати йўналишидаги хато-камчиликларни аниқлаш ва уларни келгусида йўл қўйилишини олдини олишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш ҳамда Молиявий ва комплаенс назорат департаменти ва бошқа тегишли департамент мутахассислари ҳамкорликдаги фаолияти натижасида 2021-2022 йилларда жами 421,6 млрд сўм қийматидаги 52 та ўрганиш ҳужжатлари ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга тақдим этилди, дейилади «Ўзбекнефтгаз» хабарида.
Қайд қилинишича, харидлар жараёнида шаффофликни таъминлаш мақсадида, 2022 йилда 6 387 та шартномалар кўриб чиқилган, 176 та ҳолатда 174,5 млрд сўмлик хато-камчиликлар аниқланиб, бартараф этилган. Жамият тасарруфидаги корхоналар раҳбар ва ўрта бўғим раҳбарларидан 5 043 та манфаатлар тўқнашуви декларациялари олинган, улардаги маълумотлар асосида 762 та ҳолатда қариндош-уруғчилик ҳолатлари, 33 та ҳолатда Жамият ходимларининг бошқа корхоналар билан алоқадорлиги ҳамда 12 та ҳолатда Жамият ходимларининг контрагент ҳамда рақиб корхоналарда яқин қариндошлари фаолият олиб бориши аниқланиб тегишли чоралар кўрилган.
Таъкидланишича, тизимида фаолият юритаётган 126 нафар ходим 191 ҳолатда ўзи раҳбарлигидаги (таъсисчилиги) корхоналар билан 77,1 млрд сўмлик шартномалар тузган ва манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилгани аниқланган. 24 та тизим корхоналари, бошқармалари ва нефть базаларида фаолият олиб бораётган 29 415 та ходимларнинг 19 287 нафари (66 фоиз), шундан 3 467 нафар (18 фоиз) ўртасида электрон тарзда аноним сўровномалар ўтказилган. Корхоналарда амалга ошириладиган ишлар ва вазифалардан келиб чиқиб, юзага келиши мумкин бўлган 326 та бўлинмаларни қамраб олган ҳолда жами 870 та (шундан: 444 та юқори, 304 та ўрта ва 122 та паст даражадаги) коррупцион хавф-хатарлар рўйхати шакллантирилиб, 677 та тавсия билан хатарлар даражаси камайтирилган.
Шунингдек, «Ўзбекнефтгаз» ўз тасарруфидаги UNG-Petro’да ҳам комплаенс назорати ташкил этилиб, ҳар бир ҳолатга қонунчилик доирасида тезкор равишда муносабат билдирилади. Мурожаатда келтирилган ҳолат ўз тасдиғини топган тақдирда, барча зарур чоралар кўрилади ва маълумотлар хуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга тақдим этилади.