Шавкат Мирзиёевнинг Андижонга ташрифи Бўстон туманидан бошланди — фото
Шавкат Мирзиёевнинг Андижон вилоятига ташрифи Бўстон туманидан бошланди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, бу ерда яқинда «Сайёра фаввораси» масъулияти чекланган жамияти томонидан тўқимачилик корхонаси ишга туширилган. Умумий қиймати 113 миллиард сўмлик ушбу лойиҳа доирасида бино барпо этилиб, Туркиядан замонавий ускуналар келтириб ўрнатилган. Эркаклар, аёллар ва болалар учун 50 турдан ортиқ, йилига 1,2 миллион дона тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Мингга яқин маҳаллий аҳоли иш билан таъминланган.

Корхонанинг Elegance SM бренди остидаги сифатли, бежирим маҳсулотларнинг асосий қисми экспортга йўналтирилган. Йиллик экспорт ҳажми 4 миллион доллар бўлиши мўлжалланган.
«Бу корхонага замин яратаётганимизда бугунгидай бўлиб кетишига кўпчилик ишонмаганди. Бўстон иқтисодий жиҳатдан орқада қолган туманлардан эди. Мана шундай корхоналар очилиб, одамларимиз даромад топаётгани қувонарли. Буни давом эттириб, иш ўринларини кўпайтиришимиз керак», — дейди Президент.
Таъкидланишича, шу ернинг ўзида касб-ҳунарга қайта тайёрлаш ўқув маркази ташкил этилган. Унда ҳудуддаги ишсиз фуқаролар ҳунар ўрганиб, ўз йўлини топмоқда. Жумладан, яқинда 200 нафар эҳтиёжманд хотин-қиз касбга ўқитилиб, ишга олинган.

Давлат раҳбари улар билан суҳбатда аёлнинг билимли, ҳунарли бўлиши оиланинг катта ютуғи эканини таъкидлаган. Корхонага муваффақият, аёлларга оилавий фаровонлик тилаган.



Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятига охирги марта 2021 йилда ташриф буюрганди. Ўшанда Президент Янги Андижон шаҳри қурилишига тамал тоши қўйиш маросимида иштирок этган. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев ташрифи давомида ҳудуддаги саноат корхонаси фаолият билан танишишгани, инновацион иссиқхонани кўздан кечириб, Избоскан тумани фермерлари ва ёшлар билан мулоқот қилгани хабар қилинган.